Франция Украинага жўнатиш учун контингент тайёрламоқда — Россия Ташқи разведка хизмати

23:48 19 Март 2024 Дунё
1324 0

Фото: AP Photo

Франция Украинага жўнатиладиган контингентни тайёрламоқда, — деди Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин.

«Мамлакатнинг ҳозирги раҳбарияти оддий французларнинг ўлими ва генералларнинг хавотирлари билан қизиқмайди. Россия ташқи разведка хизматига келган маълумотларга кўра, ҳозирданоқ Украинага контингент жўнатиш учун тайёрланмоқда. Дастлабки босқичда бу тахминан икки минг кишини ташкил этади», — дейди Наришкин.

«Бу контингент Россия қуролли кучларининг ҳужумлари учун қонуний устувор нишонга айланади. Бу рус дунёсига қилич билан келган барча французларнинг тақдирига дахлдорликни англатади», деди у.

Шу йилнинг февраль ойи охирида Франция президенти Эммануэль Макрон Париж Россиянинг «бу урушда ғалаба қозонишига» йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қилишини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари раҳбарлари Украинага қўшин киритиш имкониятини муҳокама қилган, бироқ ҳозирча консенсусга эришилмаган.

Кейинчалик НАТО иттифоқчилари томонидан ҳам, мамлакат ичида ҳам бу баёнотлари учун кескин танқидга учраган сиёсатчи унинг барча сўзлари диққат билан ўйланганини таъкидлади. Март ойи бошида мухолифат етакчилари билан учрашувда Макрон Киевга ёрдам бериш масаласида Францияда «чегара ва қизил чизиқлар йўқ»лигини яна бир бор таъкидлади.

Франция президентининг Украинага қўшин жўнатиш ҳақидаги сўзларини шарҳлар экан, Кремль воқеаларнинг бундай ривожланиши муқаррар равишда Россия ва НАТО ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга олиб келишини айтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер