Фракцияда Давлат дастурининг ижроси юзасидан Ҳукуматнинг ҳисоботи эшитилди

15:11 06 Ноябрь 2023 Сиёсат
263 0

2023 йил 6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йил тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, ўтган даврда аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, экологик барқарорликка эришиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган.

Хусусан, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизни, шундан ялпи ички маҳсулот таркибида саноат – 5,7 фоизни, хизматлар – 6,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик – 4,1 фоизни ташкил қилди.

Мамлакатнинг экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий дастурий мақсади эканлигини инобатга олиб, йиғилишида депутатлар мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратдилар.

Бу борада бир қатор ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Хусусан, маиший чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, уни қайта ишлаш даражасини 21 фоиздан 50 фоизга етказиш мақсадида Осиё тараққиёт банки иштирокида «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида 300 та чиқинди ташувчи техника харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилган.

Атроф муҳит мониторинги доирасида 697 та хўжалик юритувчи субъектнинг 4131 та манбаларида мониторинг ўтказилган. Натижада 114 та объектнинг 229 та манбасида атроф табиий муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб, бартараф этиш чоралари кўрилган.

Иқтисодиёт тармоқларининг ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизгача қисқартириш мақсадида янги ишга туширилган 29 та корхонада самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган.

Шунингдек, Орол фожиасининг олдини олишга қаратилган ўрмон-мелиоратив тадбирларни жадаллаштириш мақсадида Орол денгизининг қуриган туби ва оролбўйи минтақасида бугунги кунгача жами 195 минг гектар, шундан Мўйноқ туманида 128 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Хоразм вилоятида 10 минг гектар ва Навоий вилоятида 17 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» барпо этилган.

Йиғилишда партия фракцияси аъзолари глобал иқлим ўзгаришлари шароитида минтақада юзага келаётган сув тақчиллигини юмшатиш мақсадида сув ресурсларини бошқаришни тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича вазифалар ижросини самарали ташкил этиш ҳамда бу борада назоратни кучайтириш, иқтисодиёт тармоқларидан ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш, маиший чиқиндиларни йиғишни ва уларни қайта ишлаш борасида белгиланган кўрсаткичларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар беришди.

Билдирилган таклиф ва тавсифлари асосида Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.

Шундан сўнг, йиғилишда «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, республикамизда иқтисодий ўсишга қаратилган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши, шунингдек, фискал ва монетар сиёсатнинг ўзаро мувозанатли юритилиши орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминланишига эришилмоқда.

Кейинги йилларда дунёда кузатилаётган таҳликали вазиятларга қарамасдан мамлакатимизда барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида инсон капиталини ривожлантириш, энергия ресурслари бозорини ислоҳ қилиш, хусусийлаштириш ва трансформация қилишни янада жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар томонидан минтақамизда сув муаммоси тобора долзарб аҳамият касб этаётганлиги юзасидан фикрлар билдирилди. Сўнгги икки йилда сув хўжалигига буджетдан 22 триллион сўм, жумладан, сув тежовчи технологияларга қарийб 1 триллион сўм субсидия ажратилганлигига эътибор қаратилди.

Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида келгуси йилларда суғориш каналларини бетонлаш, сув тежовчи технологияларни ўрнатиш, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, 2024 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, глобал иқлим ўзгариши натижасида инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилишини олдини олишга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар кўриб чиқилди.

Хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун 100 млрд. сўм, суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш учун 40 млрд. сўм, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бошқа дастурлар ва тадбирларни молиялаштириш учун ажратилаётган маблағлар кулгусида экологик мувозанатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Давлат бюджети лойиҳасини шакллантириш ва ижроси бўйича ҳисоботларда буджет харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини кўрсатиб бориш (маркировкалаш) механизмларини жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга «яшил иқтисодиёт» ва «яшил молиялаштириш» механизмлари, шунингдек, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини жорий қилиш юзасидан қонунчилик базасини яратиш юзасидан фикрлар алмашилди.

Фракция аъзолари томонидан «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос эканлиги қайд этилди ва қўллаб-қувватланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер