“Foodshring” лойиҳасининг навоийча талқини

12:04 27 Май 2020 Жамият
932 0

“Foodshring” иқтисодиёти равнақ топган Европа давлатларида анчагина оммалашган. Бунда дўкондорлар қадоқлашда нуқсонга эга ва яроқлилик муддати тугашга яқинлашган озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолига бепул тарқатишади. Шу орқали аҳолига саховат кўрсатиш баробарида маҳсулотнинг одамларга нафи тегишини таъминлайди.

Навоийда мазкур тутумни такомиллаштирган ҳолда шаҳардаги 10 йирик савдо мажмуаси, “Саховат” бозори масъулияти чекланган жамияти савдо нуқталари ҳамда шаҳардаги мавжуд 31 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги биттадан савдо дўконларида “Саховат ва кўмак бурчаги” ташкил этилди. Фарқи шундаки, мазкур акцияда дўкондорлардан ташқари оддий фуқаро, яъни истеъмолчи ҳам иштирок этиши мумкин. Шу боис у “имкониятингиз бўлса қўйинг, зарурият бўлса олинг” шиори билан ташкил этилган. Хуллас, ушбу бурчакларга саховатпеша инсон озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этиши, зарурати бор кишилар эса улардан эҳтиёжларига яраша бепул олишлари мумкин.

Кези келганда таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган шаҳарнинг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳомийлардан келиб тушган маблағларни коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга ёрдам беришга йўналтирмоқда. Шу кунга қадар маҳаллалар кесимида 1181 та камбағал оила аниқланиб, уларга ихтиёрий ёрдам бериш ташаббуси билан чиққан саховатпеша тадбиркорлар бириктирилди. Шунингдек, шаҳарда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолининг аниқ рўйхатлари шакллантирилиб, шу асосда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишлар манзилли олиб борилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер