Фирибгарлик мақсадида очилган “онлайн дўкон” эгасига жиноят иши қўзғатилди
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи 35 ёшли (аёл) Қ.М. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 1.600.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Андижон вилояти, Балиқчи туманида яшовчи 24 ёшли О.А. содир этганлиги аниқланди.
Унга кўра, О.А. жабрланувчи (аёл) Қ.М. билан “Телеграм” мессенжеридаги “Хўжалик буюмлари” номли гуруҳда танишиб, унга хўжаликда фойдаланиш буюмларини арзон нархда қилиб беришини, шунингдек, етказиб бериш хизмати ҳам мавжудлигини айтиб алдаб, ўзининг фойдаланувидаги банк картасига 1.600.000 сўм миқдоридаги пулларини олдиндан ўтказиб олгандан сўнг ёзишмаларни ўчириб юбориб, аккаунтини “қора рўйхат”га киритиб қўйган ва буюртма қилган кўйлаги ҳам етказиб берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, О.А.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б,г” бандларидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг