“Финляндия таълим кечаси”

00:07 22 Февраль 2023 Жамият
990 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Пойтахтимиздаги Халқаро Нордик университетида “Финляндия таълим кечаси” ўтказилди.

Анжуман Ўзбекистон ва Финляндия мамлакатлари ўртасида келгусида таълим ва бизнес соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш, қўшма илмий ва академик лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро грантларда иштирок этиш, илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш мақсадида ташкил этилди.  

Тадбирда Европанинг шимолий давлатидан 50 нафар нуфузли меҳмон, хусусан, Финляндия давлат ва жамоат арбоблари, таълим, илм-фан намояндалари, турли фирма ҳамда компаниялар, бизнес доираси вакиллари қатнашди

  Таъкидланганидек, Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида бутун дунёга кенг очилмоқда. Барча соҳада амалга оширилаётган изчил ўзгаришлар мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада юксалтирмоқда. Финляндия Ўзбекистоннинг яқин ҳамкорларидан бирига айланиб бормоқда. Демократик пойдевори мустаҳкам, сифат ва самарадорлиги дунёда алоҳида эътироф этилувчи фин таълим тизимининг энг илғор тажрибалари ва замонавий моделлари Ўзбекистонда соҳага татбиқ этиляпти. Тошкент шаҳрида Халқаро Нордик университетининг ташкил қилиниши фин тажрибаси асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Тадбирда Финляндия Республикаси Тараққиёт бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ва ташқи савдо вазири Вилли Скинарри, Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илкка Райсенянга Халқаро Нордик университетининг “Фахрий доктори” илмий унвони топширилди.

  Шундан сўнг Халқаро Нордик университети ва Карелия амалий фанлар университети ўртасида битим, университет ва UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида Англашув меморандуми имзолаш маросимлари ўтказилди.

Олийгоҳда “Фин тили ва маданияти маркази” тантанали очилди.

  Анжуманда келажакда истиқболли лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилиш мақсадида ўзаро манфаатли лойиҳалар, таклифлар илгари сурилди.

  Самимий руҳда ўтган “Финляндия таълим кечаси” якунида меҳмонлар университетнинг дил изҳорлари китобига ўзларининг фикр-мулоҳазалари ва эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.

 

Дилшод КАРИМОВ

(“Халқ сўзи”).

                                                                                                                                              

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер