Фармацевтикада ҳунармандчилик элементлари акс эттирилмоқда
Тошкент фармацевтика институтида Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича жорий қилинган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида институт миқёсида кўргазма ҳамда маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда 5 та муҳим ташаббуснинг ҳар бир йўналиши бўйича талабалар ўртасида турли мусобақалар, танловлар ўтказиш кўзда тутилган.
Кўргазмадан талабалар ўзлари ясаган ҳунармандчилик ишларини, халқ табобатида қўлланиладиган турли доривор ўсимликлар, қурилмалар кабилар жой олган. Шунингдек, ҳар бир йўналиш талабалари турли ҳудудларнинг миллий либослари, таомлари ва рақс ва куй-қўшиқларини намойиш этмоқда.
— Бугунги ўтказилаётган тадбирдан мақсад турли вилоятлар кесимида талабаларимиз орасида ҳунармандчиликни тарғиб қилиш, халқ табобати билан яқиндан таништириш ва шу орқали бешта муҳим ташаббус ижросига ҳисса қўшишдан иборат. — дейди фармацевтика фанлари доктори, профессор Ҳаким Тўхтаев. — Бу орқали фармацевтика соҳасида ҳам ҳунармандчиликнинг элементларини кузатиш мумкин. Шунингдек, тадбир давомида янги барпо этилган спорт майдонини фойдаланишга топширамиз. Буларнинг барчаси юртимиз бўйлаб юксак даражада ўтказилаётган ҳунармандчилик кўргазмаларининг мантиқий давомидир, десак янглишмаймиз.
Тадбирда фармацевтика соҳаси мутахассислари, профессор ўқитувчилар, талабалар, санъаткорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Юлдуз Ўрмонова,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг