Фарғоналик рассомларнинг анъанавий баҳорги кўргазмаси ташкил этилди

11:38 26 Март 2026 Жамият
205 0

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими кўргазмалар залида фарғоналик рассомларнинг «Уйғониш» деб номланган кўргазмаси ўз фаолиятини бошлади.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда уюшма раҳбарияти ва аъзолари, таниқли рассомлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, янгиланиш ва ёшариш фасли бўлган баҳор мўйқалам соҳиблари учун айни илҳом манбаи ҳисобланади. Шу боис кўргазмага қўйилган тасвирий санъат асарларида ҳам кўклам таровати, Наврўз байрамига хос удумлар, юртимизнинг бетакрор ва гўзал табиат манзаралари, содда ва самимий инсонлар қиёфаси акс этганини яққол кўриш мумкин.

Кўргазмада Муҳаммаджон Жўрабоев, Отабек Шокиров, Ғиёс Болтаев, Гулчеҳра Аҳмадалиева, Фурқат Қўчқоров, Ахат Азамжонов, Алишер Ҳамидов ва Геннадий Богданов каби фарғоналик тажрибали рассомларнинг энг сара асарлари жой олган.

— Ҳар йили баҳор фаслида ана шундай кўргазмани ташкил этиш ва бир ой мобайнида санъат ихлосмандларини хушнуд этиш яхши анъанага айланган, — дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, машҳур рассом Отабек Шокиров. — Бевосита ўзим ҳам ушбу тадбирга жиддий ҳозирлик кўриб, Фарғонанинг дилбар ва малоҳатли табиати, самимий, меҳнаткаш ҳамюртлар турмуш тарзи ҳамда орзу-мақсадларини акс эттиришга ҳаракат қиламан. Бу галги кўргазмага ҳам сўнгги йилларда чизилган энг яхши асарларимни тақдим этдим.

Айтиш жоиз, жорий йилги кўргазма ҳам бир ой мобайнида тўлиқ намойиш этилади ва ташриф буюрувчиларга манзур бўлади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер