Фарғоналик ОАВ вакиллари иштирокида Қирғизистонда пресс-тур ташкил этилди

17:15 26 Декабрь 2023 Жамият
484 0

Фото: "Халқ сўзи"

Фарғона вилояти Туризм бошқармаси ташаббуси билан ОАВ вакиллари иштирокида “Фарғона–Боткен” йўналиши бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

Саёҳат давомида журналистлар қўшни Қирғизистон Республикасининг Боткен вилоятида жойлашган туристик объектлар билан яқиндан танишдилар.

Боткен вилояти Қирғизистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, 1999 йилнинг 12 октябрь санасида Ўш вилояти таркибидан Боткен, Қадамжой, Лайлак туманлари ва Қизилқия, Сулукта шаҳарлари ажралиб алоҳида вилоят бўлиб ташкил топган. Вилоят жануби-ғарбий ва шимоли-ғарбида Тожикистон, шимолда Ўзбекистон, шарқда Ўш вилояти билан чегарадош ҳисобланади. Вилоят ҳудудида бошқа давлатларга тегишли бир қанча анклавлар мавжуд.

Дастлабки ташриф манзили Баткен вилояти тоғлари орасида жойлашган сирли Кани Гут ғори бўлди. Ғорнинг ўз даврида йирик давлат бўлган Қўқон хонлиги билан боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Маълумотларга қараганда, ғордан охирги 500 йил давомида турли маъданлар қазиб олинган. Айни пайтда ушбу манзилни вилоятнинг сайёҳлик маршрутлари рўйхатига киритиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

— Боткеннинг экотуристик манзиллари рўйхатига киритилган сўлим ва салобатли тоғларга мароқли саёҳат ҳам унутилмас таассуротлар қолдирди, — дейди журналист Гулноза Тўхтасинова. — Айниқса, мис қазилмаларни эритадиган қадимий ўчоқлар, динозаврнинг тош ҳайкали ҳамкасбларимизга жуда ҳам манзур бўлди.

Тўрткўл кўлининг бетакрор манзараси, кўм-кўк кўл, бепоён адирлар ҳамда гўзал табиат ҳар қандай сайёҳни ўзига маҳлиё этади.

Таъкидлаш жоиз, Фарғона ва Боткен вилояти ҳокимлиги ўртасидаги ҳамкорлик келишувига кўра, сўнги йилларда барча соҳаларда кенг кўламли дўстона муносабатлар жадал ривожланмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер