Фарғоналик новвой рекордни янгилади
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ўткир Мамажонов Фарғонада кўп йиллик катта ҳаётий тажрибага эга новвой сифатида машҳур. Ижтимоий тармоқнинг фаол кузатувчиси бўлган қаҳрамонимиз улкан нон тайёрлаш бўйича ўз маҳорати синовдан ўтказди.
Гап шундаки, кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда юртимиз новвойлари томонидан тайёрланган 16 килоли нон мавзуси роса тренд бўлди. Бу ҳақдаги фикр ва мулоҳазаларни кузатган Ўткир новвой ушбу рекордни янгилаш мақсадида астойдил ишга киришди.
— Беш нафар шогирдимни ёнимга олиб, дастлаб махсус хамир тайёрланди, — дейди у. — Бунинг учун 16 кг. ун, 3 кг. ёғ ва 3 кг. сув керак бўлди. Нон мазали ва ўзига хос кўринишга эга бўлиши учун ёнғоқ мағзи, майиз ҳамда седана қўшилди. Нон тандирга ёпишдан олдин тарозида тортиб кўрилганда 23 кг. тош босди.
Бундай улкан ҳажмдаги нонни оддий тандирда ёпиш осон бўлмади. Шу боис шогирдлар тандирнинг четларини бироз бузишига тўғри келди. Шундай қилиб у тандирга ёпилгач, ўртача 2-2,5 соатда мазали бўлиб пишди. Тарозида тортилганда 21 кг. чиқди. Бу нон ҳақида эшитиб, кўпчилик харидор бўлди, лекин сотишмади. Меҳр рамзи сифатида қадрдонларга озгина-озгинадан тарқатилди.
— Ҳозирча 16 кг. ли рекорд янгиланди, — дея суҳбатимизни давом эттиради тиниб-тинчимас новвой. — Аммо яқин вақт ичида махсус тандир қурдириб, 50 кг. ли нон ёпишни мақсад қилганмиз. Бу нонни ўртача бир оила 10 кун давомида истеъмол қилиши мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг