Фарғоналик миришкор оила томорқасидан йилига 80 – 100 миллион сўмгача даромад олмоқда

10:24 19 Июнь 2024 Жамият
297 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона тумани маркази — Водилнинг ўзига хос бетакрор табиати, мўътадил иқлими, Шоҳимардон сойларидан оқиб келувчи зилол сувлари деҳқончиликда ҳам қулай ҳисобланади. Шу боис, ҳаётий тажрибалар асосида водилликлар табиий қулайликдан фойдаланиб, малина етиштириш борасида қувонарли ютуқларга эришиб келмоқда.

Айни пайтда Фарғона тумани марказига яқин 15 дан зиёд МФЙ аҳолиси ўз томорқаси ва деҳқон хўжаликларида малина ихтисослашган. Хусусан, жорий йилнинг май, июнь ойларида ушбу ҳудуддаги қарийб 150 гектар малиназордан 1500 тоннадан ортиқ ҳосил йиғиб олинди.

Туман марказида жойлашган «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳам асосий драйвери малиначилик. Йилнинг июнь ойи маҳалла аҳли учун айни малина мавсуми ҳисобланади.

— Кейинги йилларда малиначилик тармоғи жадал ривожланиб, бу борада хорижнинг илғор тажрибаси амалиётга фаол татбиқ этилмоқда, — дейди «Бўстон» МФЙ раиси Қодиржон Дадажонов. — Ҳозирда маҳалланинг 800 га яқин хонадонида малина етиштирилади. Айни жараёнда маҳаллий навлар билан бирга, Туркиянинг серҳосил ва экспортбоп навларини кўпайтириш бўйича ҳам илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Туман марказида малина савдоси учун мавсумий бозор ташкил этилган бўлиб, бугунги пишиқчилик мавсумида маҳаллада бирорта ҳам бекорчи йўқ. Малина териш вақтида ишчи кучи етишмай, ҳатто қўшни ҳудудлардан ҳам ёлланма ишчилар жалб қилинади.

Маҳалланинг энг миришкор оиласи соҳиби Баҳромжон Усмонов томорқанинг йигирма сотихида малина етиштиради. Шунингдек, томорқада малинадан ташқари помидор, сабзи, картошка етиштирилади. Нок, олма, ўрик, гилос, ёнғоқ каби мевали дарахтлар ҳосили ҳам оиланинг қўшимча даромад манбаи саналади.

Баҳромжон Усмоновнинг қайд этишича, миришкор оила малина парвариши орқали бир йилда ўртача 80 –100 миллион сўмгача даромад олиши мумкин. Мисол учун, шу кунларда ички бозорларимизда малинанинг бир килоси 20-25 минг сўмдан сотиляпти. 20 сотих ер майдонида парваришланаётган малинадан йилига икки маротаба ҳосил олиш учун ҳисобига ўртача 2–2,5 тонна ҳосил олинади. Оила аъзоларимиз малинадан шифобахш мураббо тайёрлаб, қиш-баҳор мавсумида яна қўшимча даромадга эга бўламиз.

Водил тупроғининг унумдорлиги, сувнинг мўллиги ҳамда ҳавоси тозалиги малиначиликда қулай омилдир.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер