Фарғонада Жаҳон банки молиявий кўмагида истиқболли бизнес лойиҳалари амалга оширилмоқда

19:39 26 Ноябрь 2021 Жамият
941 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа гуруҳи раҳбари Теклу Тесфайе бошчилигидаги миссия Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Ташриф режасига кўра, меҳмонлар дастлаб Ёзёвон ва Олтиариқ туманларида "Фарғона балиқсаноат агрофирмаси" МЧЖ томонидан ташкил қилинган балиқчилик хўжаликлари  фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Фарғона балиқсаноат агрофирмаси”га Жаҳон банкининг "Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида “Ипотекабанк” АТИБ орқали 1952,5 млн. сўм кредит ажратилган бўлиб, Хитойдан йилига 250 тонна интенсив усулда балиқ етиштириш учун технология ва жиҳозлар олиб келинди.  Шу ернинг ўзида балиқ учун озуқа еми ишлаб чиқариш ва балиқни қайта ишлаш ускуналари ўрнатилди.
– Лойиҳа доирасида 50 та иш ўрни яратиб, халқимиз дастурхонига балиқ ва консерва маҳсулотлари етказиб беришни мақсад қилганмиз,–  дейди МЧЖ директори Мирзарасул Маматов. – Яқин истиқболда балиқ етиштириш ва қайта ишлаш (лойиҳа қиймати 4 млн. доллар) ва чорвачилик комплекси (лойиҳа қиймати 4 млн. доллар)ни ишга тушириш бўйича янги лойиҳаларимиз устида ҳам иш олиб боряпмиз. Бунинг натижасида 300 дан зиёд киши бандлиги таъминланади.
Жаҳон банки миссияси Ўзбекистон туманидаги "Соҳибкор тоғай" фермер хўжалигида ҳам бўлди.
Мазкур фермер хўжалигига “Асакабанк” орқали 580,4 минг доллар кредит ажратилган бўлиб, бунинг ҳисобидан Германиядан 102 бош наслли моллар ва сут соғиш жиҳозлари олиб келинди.
– "Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш" лойиҳаси Фарғона вилояти фермер хўжаликлари ва тадбиркорлари учун катта имконият яратмоқда,– дейди Жаҳон банки иштирокидаги мазкур лойиҳанинг Фарғона вилояти координатори Санжарбек Эргашев. – Ўтган даврда вилоятдаги 46 та фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектига лойиҳа доирасида 12 млн. доллардан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
 

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.   

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер