Фарғонада япон тиббиёт шаҳарчаси бунёд этилади

18:29 15 Август 2023 Жамият
963 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарғона шаҳрида барпо этилаётган Экошаҳар ҳудудида 1 гектар майдонда замонавий япон тиббиёт ва соғломлаштириш шаҳарчаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Шу кунларда лойиҳани амалга оширишга киришаётган Япониянинг “NAGAI Clinic” компанияси раҳбари Кожи Нагаи бошчилигидаги делегация вилоятда бўлиб, Фарғона вилояти ҳокимлиги масъуллари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишди.

Айтиш жоиз, 11 та йўналишдаги клиника, 2 та дорихона, 20 та соғломлаштириш муассасаси, массаж, фитнес каби қатор спорт-соғломлаштириш марказлари ҳамда тиббий таълим ва соғлом турмуш тарзини ўқитиш бўйича ўқув марказини ўз ичига олган ушбу шаҳарчанинг дастлабки лойиҳа қиймати 8,72 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа тўлиқ Япония компаниялари инвестицияси ҳисобига амалга оширилади.

Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда шаҳарча ҳудудида Япониянинг гўзаллик ва саломатлик учун маҳсулотлар савдосида етакчи бўлган “DAISO” бренди супермаркетини жойлаштириш бўйича ҳам музокаралар сўнгги паллага киргани таъкидланди.

Фото: “Халқ сўзи”

— Учрашувда вилояти ҳокимлиги ва “NAGAI Clinic” компанияси ўртасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди, — дейди Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов. — Ўз навбатида “NAGAI Clinic” компанияси раҳбари Кожи Нагаига компанияни Фарғона вилоятида хорижий корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам топширилди.

Тиббиёт ва соғломлаштириш шаҳарчаси Япониянинг “Micado Development” компанияси томонидан “Экошаҳар” да 3 гектар майдонда барпо этишга киришилган қиймати 15 миллион долларлик “Shogun city” япон боғи, меҳмонхона, ресторанлар мажмуаси билан уйғунлик касб этиши кўзда тутилган.

Учрашувда жорий йилнинг ноябрь ойида ташкил этилиши белгиланган “Фарғона – Япония” бизнес форумини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер