Фарғонада томорқачиларга кўчма лаборатория хизмат кўрсатмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Айни кунларда Фарғона вилоятида аҳоли томорқалари, фермер ва деҳқон хўжалиги иссиқхоналарида помидор, аччиқ қалампир, ширин қалампир, бодринг, бақлажон, қулупнай, цитрус мевалари баравж ривожланяпти. Шу сабабли иссиқхоналарда замбуруғли касалликларнинг ривожланишига шароит яратиб бермаслик, фузариоз, фитофтороз, илдиз чириш, ун шудринг ва сохта ун шудринг каби бир қатор касалликларнинг олдини олиш муҳимдир.
— Бундай касалликларга намликнинг юқорилиги, кундузги ва тунги ҳарорат ўртасидаги тафовутларининг катталиги, нотўғри суғориш, нотўғри озиқлантириш, кимёвий ўғитлардан нотўғри фойдаланиш ва гигиена қоидаларига амал қилмаслик асосий сабаб бўлади,—дейди Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Маҳмудов. — Мисол учун, биргина помидорнинг фамоз (жигарранг чириш) касаллиги, яъни ҳосил бандининг чиришига намликнинг ортиши, чакки томчиларининг кўпайиши сабаб бўлади. Мева бандида жойлашган гулларга чакки томчилари тушгач, гуллари замбуруғлар орқали чирий бошлайди. Оқибатда гул барги атрофи чириб, мевалар тўкилади. Бу замбуруғли касалликнинг олдини олиш учун иссиқхоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намликнинг ортишига йўл қўймаслик зарур.
Бугунги кунда лабораториямиз замонавий мезонлар асосида фаолият кўрсатиши учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, кўчма лаборатория хизмати орқали мутахассисларимиз шаҳар ва туманларда соҳибкорларга мўл ҳосил етиштиришда кўмаклашиб келмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг