Фарғонада сенатор аҳоли мурожаатларини кўриб чиқди ва маҳаллалардаги ишлар билан танишди
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова Фарғона вилоятига хизмат сафари давомида Фарғона шаҳрида сайёр қабул ўтказди ҳамда маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Сайёр қабул давомида сенаторга шахсий масалалар юзасидан мурожаат қилган фуқароларнинг муаммолари кўриб чиқилди. Унда тегишли вилоят бошқарма ва идоралари вакиллари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъуллари иштирок этди.
Мурожаатлар асосан соғлиқни тиклаш, имтиёзли кредит олиш, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, олий таълим ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига оид бўлиб, қабул жараёнида уларнинг аксариятига ечим топилди. Кўтарилган барча масалалар Қўмита раиси шахсий назоратига олинди.
Шунингдек, сенатор вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан бирга Фарғона шаҳридаги «Машъал» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, «Маҳалла еттилиги» фаолиятини ўрганди.
Ўрганишлар давомида маҳалла фаолияти самарадорлигини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, «Маҳалла еттилиги» аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, уюшмаган ёшлар ва тарбияси оғир ўқувчилар билан ишлаш, шунингдек, ишсиз ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, маҳалла фаолларига жорий йил 7–8 апрель кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тушунтиришлар берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг