Фарғонада сайлов жараёнлари: биз келажагимизга бефарқ эмасмиз

12:03 27 Октябр 2024 Жамият
211 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Фарғона вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Эркинжон Нуралиевнинг маълум қилишича, вилоятда 1210 та сайлов участкаси ташкил этилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бўйича 8 та бир мандатли сайлов округи, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округи фаолияти йўлга қўйилган.

Вилоятда умумий сайловчилар сони – 2 миллион 229 минг 469 нафар, муддатидан олдин овоз берганлар – 219 минг 455 нафар ташкил этса, ушбу жараёнда 41 минг 460 нафар ёшлар илк бор овоз бермоқда.

Қўқон университетида ташкил этилган 180-сайлов участкасида ҳам сайлов Давлат мадҳияси билан бошланиб, сайловчилар фаоллиги билан ўтаётир. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиалида жойлашган 165-сайлов участкасидаги сайлов жараёнлари қизғин давом этяпти.

Сайлов участкасида 2021 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, илк бор овоз бераётган баркамол авлод вакиллари 45 нафарни ташкил этади. Илк сайловчиларга гулдасталар тақдим этилиб, аъло кайфиятда кутиб олинмоқда.

— Биз ўз келажагимиз ва тақдиримизга бефарқ эмасмиз, — дейди ушбу сайлов участкасида биринчи марта овоз бериб, ўз сайлов ҳуқуқидан фойдаланган Бобуржон Баҳтиёржонов ва Мавлудахон Эрматова. — Бугун мамлакатдаги энг муҳим сиёсий жараёнда иштирок этиш қанчалик бахт эканлигини ҳис этдик ва ўзимиз муносиб топган номзодларга овоз бердик.

  Айни пайтда Фарғонада вилоятининг барча шаҳар-туманларида сайлов жараёнлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер