Фарғонада «Оналарга эҳтиром» фестивали бўлиб ўтмоқда
Фото: Халқ сўзи
Хабарингиз бор, ўтган йили Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан илк бор «Оналарга эҳтиром» деб номланган фестиваль бўлиб ўтган эди. Эзгу ташаббусга кўра, ушбу фестиваль йилдан-йилга кенг қулоч ёзиши, ҳар йили вилоятнинг барча шаҳар-туманларида анъанавий тарзда ўтказилиши мақсад қилинганди.

Бу йил иккинчи маротаба ташкил этилаётган фестиваль доирасида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Нур чеҳрали онахонлар, ибратли оилалар бекалари, жамият равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фарзандлар оналари, зиёли, оқила опа-сингилларимизга юксак ҳурмат кўрсатилмоқда.

Фарғона шаҳри ҳокимлиги томонидан фестиваль доирасида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»да турган бир гуруҳ хотин-қизларнинг Бухорога саёҳати уюштирилди. Бағдод туманида давлат ва жамоат ишларида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган онахонлар совға-саломлар билан йўқланди.

— Бу борада амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар, меҳр-оқибат тадбирлари ҳаётимизга ўзгача шукуҳ, бахт олиб кирди, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Камила Кавланова. — Шу ойнинг якунига қадар давом этадиган фестиваль давомида вилоятдаги ҳар бир оилага, опа-сингилларимизга қувонч улашиш кўзда тутилган.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг