Фарғонада Миллий қадриятлар куни ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Маълумки, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан 31 октябрь мамлакатимиздаги барча олий ҳамда профессионал таълим муассасаларида Миллий қадриятлар кунини ўтказиш яхши анъанага айланиб бормоқда.
Эзгу ташаббус доирасида жорий йилда Фарғона вилоятидаги олий ва профессионал таълим муассасаларида “Миллий қадриятларнинг энг фаол тарғиботчиси” танлови ташкил этилиб, “Миллий либос”, “Миллий рақс”, “Миллий таом”, “Миллий спорт” ва “Миллий қўшиқ” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

— Шу куни навқирон авлод вакиллари ўртасида нафақат миллий қадриятларимиз кенг тарғиб этилди, шу билан бирга талаба ва ўқувчиларнинг вилоятдаги музейларга саёҳати ташкил этилди,—дейди Фарғона вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси мутахассиси Бахтиёр Баратов. —Шунингдек, “Спорт билан оғусиз ҳаёт сари” шиори остида турфа мусобақалар, миллий халқ ўйинлари ва беллашувлар бўлиб ўтди.

Ўз навбатида билим даргоҳларининг масъул ходимлари иштирокида нотинч ва ноқобил оилаларда тарбия олаётган талаба ва ўқувчилар билан психологик суҳбатлар олиб бориш амалиётини янада такомиллаштириш режаси ишлаб чиқилди.
Тадбирлар якунида фаол қатнашчилар муносиб рағбатлантирилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг