Фарғонада кўп йиллик чинорни «чала сўйиб» қочганлар қамоққа олинди
Фото: Фарғона вилояти Экология бошқармаси
Аввалроқ Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида соғлом чинор дарахти ҳеч қандай асоссиз кесилгани, бу ишни қилган шахслар қочиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят Экология бошқармасининг ҳолат юзасидан берган расмий муносабатида ҳодиса оқибатида ўсимлик дунёсига 117 млн сўм зарар етказилгани қайд этилганди.
Бошқарма ахборот хизмати кеча, 15 февраль куни мазкур «дарахткушлик» бўйича қўшимча маълумот берди.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида, 13 февраль куни Қўқон шаҳрининг «Зилол» маҳалласида ўсиб турган кўп йиллик чинор дарахтини Учкўприк тумани, «Фаровон» маҳалласи, Калтасой қишлоғида яшовчи икки нафар фуқаро қасддан шикастлагани аниқланган.
Қайд этилишича, ушбу фуқароларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан ҳуқуқбузарлик содир этилгани аниқланган ва ҳар бирига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (яшил зоналарда дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ёки шикастлаш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг