Фарғонада Халқаро бағрикенглик куни тантаналари бўлиб ўтди

18:21 17 Ноябрь 2023 Жамият
403 0

Фото: “Халқ сўзи”

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Фарғонада тантанали тадбир ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Фарғона давлат университетида ўтказилган маънавий–маърифий анжуман “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусига бағишланди.

Тадбирда вилоятдаги тегишли мутасадди идоралар масъуллари, диний ташкилотлар, немис, славян, яҳудий, татар, қирғиз, корейс, тожик, турк миллий маданий марказлари раҳбарлари ва аъзолари ҳамда талаба-ёшлар қатнашди. Тантана аввалида намойиш этилган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни тарғиб этувчи “Бағрикенг диёр” номли фотокўргазма иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Тантанада вилоят ҳокими ўринбосари Жамшед Хатамов йиғилганларни Халқаро бағрикенглик куни билан қутлаб, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри бўлган юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳилликда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Айтиш жоиз, бугунги кунда 4 миллионга яқин аҳоли яшайдиган Фарғона вилоятида 400 минг атрофида ўнлаб миллат ва элат вакиллари умргузаронлик қилмоқда. Шунингдек, вилоятда 8 та – рус, тожик, татар, немис, қирғиз, яҳудий, корейс ва турк миллий маданий марказлари ҳамда 15 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият олиб бораётир.

— Биз бу каби байрам тадбирларида ҳамиша фаол иштирок этиб, ҳамдўстлик оиласида халқимизга хос миллий қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этамиз, — дейди вилоят тожик миллий маданий маркази раҳбари Маъсуд Мирзо. — Бугун ҳам марказимиз фаоллари ўз истеъдодларини намойиш этишди, қутлуғ санани қадрдонлар даврасида мароқли ўтказдик.

Миллий маданий марказлари бадиий жамоаларининг “Бағрикенглик оҳанглари” деб номланган концерт дастури байрамга ўзгача файз бахш этди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер