Фарғонада келинлар сепига «Маънавий сарпо» берилади

13:21 06 Март 2025 Жамият
194 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан «Маънавий сарпо» лойиҳасини амалга оширишга киришилмоқда.

Эзгу ташаббус доирасида янги оила қураётган келинлар сарпосини маънавий жиҳатдан бойитиш кўзда тутилган. Шу тариқа мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётининг энг дурдона асарлари жамланиб, янги оилага туҳфа этилади. Бундан кўзланган мақсад оилаларда маънавий-маърифий муҳит яратиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, мўъжазгина бўлсада, ҳар бир хонадонда кутубхона ташкил этишга қаратилган.

Айни кунларда 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан яқинда оила қурган ёш оилаларга китоблар жамланмаларини топшириш режалаштирилмоқда.

— Ҳар бир оилада бадиий адабиётлар, турли мавзуларга оид китоблар бўлиши жуда қувонарлидир, — дейди «Фарғона китоб олами» маърифий савдо мажмуаси раҳбари Назиржон Ҳошимов. — Шу боис вилоят маънавиятчиларининг ушбу ташаббусида фаол ҳамкорлик қилишни мақсад қилганмиз.

Оналар ўқимишли, китобхон бўлса, бундан нафақат ўша оила, балки бутун жамият ютади. Баркамол авлод орзуси йўлидаги бундай ишлар кенг қулоч ёзиши учун барчамиз сидқидилдан ҳисса қўшишимиз зарур.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер