Фарғонада йилига 2 минг тоннадан зиёд асал ишлаб чиқарилмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Асаларичилик тармоғини ривожлантиришда Фарғона вилоятида интенсив технологиялардан унумли фойдаланилмоқда. Натижада вилоятда бугунги кунда асаларичилик субъектлари сони 2000 тандан ортиб, 130 минг донадан зиёд қутида асалари оиласи парваришланаётир. Вилоятда йилига 2 минг тоннадан ортиқ асал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Хорижга экспорт қилинаётган асалари оиласи йилига 70 минг донани ташкил этади.
Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси ишлаб чиқариш ўқув марказида ўтказилган асаларичиликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган республика ўқув-семинарида бу ҳақда батафсил фикр билдирилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, туман ҳокимлари, пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда тегишли соҳа мутахассислари иштирок этди.
— Юзма-юз учрашувда юртимизда асаларичиликни янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ҳамда имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича ўзаро фикр алмашилди, — дейди фарғоналик тажрибали асаларичи Шерали Суярқулов. — Шунингдек, асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғояларни кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида семинар қатнашчилари вилоят асаларичилар уюшмаси тасарруфидаги ишлаб чиқариш ўқув марказида яратилган шароитлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, асал етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари билан танишишди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг