Фарғонада биттагина: фурқатлик Олима опа ноёб касби билан танилган
Ўзбекнинг хонадонида тўй бўлса, тандир, ўчоқбоши суюнади, дейди нуроний момолар. Боиси тўйга тайёргарлик жараёнида барча жой саранжом-саришта қилинади. Меҳмонлар учун тандирда иссиқ нон ёпилади, ўчоқда суюкли таомлар пиширилади.
Шундан бўлса керакки, юртимизнинг барча гўшаларида тандир шунчаки нон ёпиладиган жиҳоз эмас, оиладаги файз, барака ва меҳр-оқибат рамзи сифатида ҳам эъзозланади. Шу сабабли ушбу ҳунарни авлоддан-авлодга етказиб келаётган сулолалар меҳнати алоҳида эътиборга молик.
Фурқат туманида истиқомат қилувчи Олимахон Ғозиева ана шундай ноёб касби билан машҳур ҳунармандлардан бири саналади. У мазкур ҳунарни болалигида отасидан ўрганган. Бундан 42 йил муқаддам эса тандирчилар оиласига келин бўлиб тушди. Ҳозирги кунда мазкур оила нафақат ўзи яшайдиган «Кўкдўппи» МФЙ, Қўқон ҳудуди туманларида ҳам камёб ҳунар вориси сифатида танилган.
— Ўз вақтида отамнинг тандирлари жуда машҳур эди, — дея хотирлайди тандирчи опа. — Оилавий анъана туфайли болаликдан отамнинг ёнида юриб шу ҳунарни ўргандим. Тандир хом ашёси сифатида ҳайвон жунини чопиб майдалаш, лой тайёрлаш ва уни яхшилаб эзиб пишириш – буларнинг барчаси жуда қизиқарли юмуш.
Умуман олганда, тандир ясашда ҳар бир жараён катта сабр ва маҳорат талаб қилади. Бунинг учун маълум вақт ичида лой бир неча маротаба тепилиб, зувала қилинади. Кейин қум сепилади ва шу тарзда табиий хом ашёлардан тайёрланадиган маҳсулот маромига етказилади. Демак, ҳар бир жараён меҳр билан бажарилиши туфайли тандир кўркам ва сифатли бўлишига эришилади.
Олимахон опанинг тандирлари қалинроқ бўлади. Бунинг ўзига хос сабаби бор, албатта. Бу усул у ўрнатилганидан сўнг оловни тандир оқаргунига қадар ёқиш орқали ёрилмаслигини таъминлайди. Натижада битта тандирни 10-15 йилгача ишлатиш мумкин.
Айни пайтда Олима опа турмуш ўртоғи билан бирга ота касбни давом эттириб, оилаларга қут-барака, хурсандчилик бахш этаётганидан беҳад мамнун. Фарзанд ва набираларнинг ҳам бу ҳунарга меҳри тушган. Сулоланинг янги авлод вакиллари ўқиш ва асосий ишдан бўш пайтларида катталарга кўмакдош. Шу боис тандирчилик билан оиланинг барча аъзолари бирдек шуғулланади.
— Ҳалол меҳнат қилган одам асло кам бўлмайди, — дейди бахтли оила бекаси. — Битта тандир ўртача 150-200 минг сўм атрофида сотилади. Бозори чаққон пайтлари ойига 30 тагача тандир сотиш мумкин. Тайёр тандир харидорга етиб боргунча оғзини боғлаб, эҳтиёт қилиб сақлаймиз.
«Кўкдўппи» МФЙ хотин-қизлар фаоли Васила Султонованинг айтишича, бугунги кунда 1038 та оилада 3665 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла туман марказига яқин ҳудудда жойлашгани сабабли савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси яхши ривожланган. Шу билан бирга ҳар бир оиланинг қўшимча ҳунари ва даромад манбаи бор.
Бу йил маҳаллада тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун 50 та микролойиҳани ишга тушириш мақсад қилинган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг