Фарғонада аёлларни Россияга фоҳишаликка юбораётган шахслар ушланди
Фарғона вилоятида аёлларни шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун чет элга юборишга уринган шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум бўлишича, Бувайда туманида яшаган, ҳозирда Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида истиқомат қилаётган аёл Қўштепа туманида яшовчи йигит ва Фарғона туманидаги аёл билан тил бириктириб, аёлларни Россияга юбориш билан шуғулланган.
Жиноий гуруҳ аъзолари аёлларни юқори даромад ваъдаси билан ишонтириб, уларни шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун хорижга жўнатишни режалаштирган. Фарғона шаҳрида яшовчи 1982 йилда туғилган аёл ва Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи 2004 йилда туғилган қиз ушбу фирибгарлик қурбонига айланган.
Улар учун электрон билетлар расмийлаштириб, Тошкент халқаро аэропорти орқали Россияга жўнатиш режалаштирилган. Бироқ ИИБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу жиноий гуруҳ фош этилган. Гумондорлар аэропортда рўйхатдан ўтиш жараёнида қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг