Фарғонада 263 та хонадонда замонавий шароитлар яратишга 14,5 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда

09:57 18 Март 2026 Жамият
220 0

Кўмакка муҳтожга беғараз ёрдам қўлини чўзиш халқимизнинг энг эзгу фазилатлари сирасига киради. Айниқса, бугунгидек қутлуғ ва файзли кунларда бундай савобли амаллар янада кенг қулоч ёзиши ҳеч кимга сир эмас.

Президентимизнинг 2026 йил 5 февраль кунги «2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш га қаратилган муҳим чора-тадбирлар режаси белгиланди.

Айни пайтда Фарғона вилоятида ҳам бу борада амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу хонадонларда энергия тежамкор технологиялар ўрнатиш ана шу жараёндаги устувор вазифалар сирасига киритилган.

Хусусан, қарор ижросини таъминлаш мақсадида «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида Ижтимоий реестрга киритилган II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларида «яшил» таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шу тариқа мазкур тоифадаги оилалар яшайдиган хонадонларнинг девор ва том қисмларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшиклар, шунингдек, қуёш панеллари ёки гелиоколлекторлар ўрнатилади.

Фарғона вилоятида 263 та хонадонда «яшил» таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун қарийб 14,5 млрд сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Таъмирланиши белгиланган хонадонларнинг 215 таси ҳовли уйлари ҳамда 48 таси эса кўп қаватли уйлардаги хонадонлар ҳисобланади.

Баҳодир Турсунбоев Фарғона шаҳридаги «Жўйдам» маҳалласида яшайди, II гуруҳ ногиронлиги мавжуд. У яшаб турган уй-жой қурилганига салкам 50 йил бўлди, ҳозир анчайин таъмирталаб аҳволга тушиб қолган. Томдан чакки, пол қисмидан зах ўтади, деворлар эса нурашни бошлаган. Табиийки, уй эгасининг ногиронлик нафақаси куз-қиш мавсумида уйни иситишга аранг етади.

— Давлатимиз раҳбарининг қарори нафақат хонадонимиз, шу билан бирга қалбимизга ҳам ёруғлик олиб кирмоқда, — дейди Баҳодир Турсунбоев. — Уйимизга энергия тежамкор қурилмалар ўрнатилишини эшитиб, жуда ҳам мамнун бўлмоқдамиз. Бу каби замонавий шароитлар бундан буён хотиржам яшашимизни таъминлайди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда вилоятдаги маҳаллалар кесимда эзгу ташаббус ижобатини таъминлаш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу белгиланган ҳар бир юмушни ўз вақтида ва сифатли бажариш имконини беради.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер