Фарғона вилоятида Рамазон ойи муносабати билан саховат тадбирлари давом этмоқда
Рамазон ойи халқимизга хос меҳр-мурувват, саховат ва бирдамлик фазилатлари янада ёрқин намоён бўладиган қутлуғ ой сифатида алоҳида қадрланади. Бу ойда амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳамюртларимиз ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлаб, эҳтиёжманд оилалар қалбига илиқлик ва умид бағишлайди.
Президентимизнинг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида саховат ва хайрия тадбирлари кенг кўламда ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар давомида эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва молиявий ёрдам кўрсатилиб, Рамазон ойининг эзгу мазмун-моҳияти янада намоён бўлмоқда.
Қўқон шаҳрининг Вақф Чорсу маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳбубахон Насруллаева хонадонига масъулларнинг ташрифи оила аъзоларига катта қувонч бағишлади. Шу куни мазкур хонадонда ташкил этилган ифторлик маросимида Қўқон шаҳар ҳокимлиги, диний идора вакиллари, маҳалла оқсоқоллари ва нуронийлар иштирок этди. Самимий суҳбат давомида Маҳбубахон она ва унинг имконияти чекланган фарзандига совғалар топширилди.

Бағдод туманида кам таъминланган оилалар учун ташкил этилган ифторлик дастурхони ҳам эҳтиёжмандларга ғамхўрлик кўрсатиш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Тадбирга туманнинг 56 та маҳалласидан ана шундай оилалар вакиллари таклиф этилди.
Сўх тумани «Қизилқиёқ» маҳалласида истиқомат қилувчи 95 ёшли Зуҳрахон ая Аҳмаджонованинг хонадонда ҳам хайрия тадбири ўтказилди. Ҳаёт синовларини бошидан кечирган момонинг келини оғир хасталикка чалинган бўлиб, уни даволаш учун жарроҳлик амалиёти зарур. Шу муносабат билан хонадонга ташриф буюрган масъуллар оилага молиявий кўмак кўрсатилишини маълум қилди. Бу хабардан мамнун бўлган Зуҳрахон ая оила муаммосига бефарқ бўлмаган барча инсонларга миннатдорлик билдириб, дуо қилди.
Айни кунларда Ёзёвон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллаларда, айниқса олис ҳудудларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.

— Туман марказидан 30 километр узоқликда жойлашган маҳалламизда қарийб 3 минг аҳоли истиқомат қилади, — дейди Ёзёвон тумани «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одинахон Алфайзиева. — Маҳалламизда арзонлаштирилган кўчма сайёр бозор ташкил этилгани аҳоли учун катта қулайлик бўлди.
Дарҳақиқат, Рамазон ойининг файзу баракасини янада оширишда бундай саховат ва меҳр-оқибат тадбирлари алоҳида аҳамият касб этади. Муборак ойда ҳар бир инсон ва оилага ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган кенг кўламли ишлар юртимизда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг