Фарғона вилоятида маҳалла раиси сайловлари бошланди

12:14 02 Май 2025 Жамият
166 0

Ботир Мадиёров/«Халқ сўзи». Маълумки, жорий йилнинг май–июль ойларида юртимизда фуқаролар йиғинлари раиси сайловлари ўтказилади. Бугундан бошлаб Фарғона вилоятида ҳам ушбу муҳим сиёсий тадбирга старт берилди.

Сайловларни адолат, холислик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказиш мақсадида йил бошидан вилоятдаги 1062 та маҳаллада жиддий тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Фарғона вилояти бошқармасида вилоят штаби, шунингдек, 19 та туман ва шаҳарда сайловларга кўмаклашувчи комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди.

Маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида ташкил этилган туман ва шаҳар комиссиялари сайловларни юқори савияда ташкил этишга хизмат қилмоқда. Сайловларда иштирок этадиган вакиллар сони ҳар бир маҳаллада ишчи гуруҳлар томонидан белгиланди. Умуман, сайловларда Фарғона вилояти бўйича 330 минг нафардан зиёд вакил қатнашиши кутилмоқда.

Фарғона туманидаги Дилкушо маҳалласида ўтказилган сайлов уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтди. Сайлов ёшидаги фуқаролар 287 нафар вакил орқали маҳалла раиси учун овоз бердилар.

 

— Туманда сайлов янгича тамойиллар асосида, очиқлик ва ошкораликда, фуқароларнинг хоҳиш ҳамда иродасини эркин ифода қилиш мезонларига хос тарзда ўтиши учун барча куч ва имкониятлар сафарлар этилган, — дейди Фарғона тумани маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси Озода Дадажонова. — Айни пайтда туманда 139 мингдан зиёд ҳамюртимиз сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар томонидан 16 минг 661 нафар вакиллар сайланган.

Дилкушо маҳалласининг 20-умумтаълим мактабида ташкил этилган сайлов байрамона руҳда, шаффофлик асосида ўтказилди.

Риштон туманида эса жорий сайловда 71 та маҳаллада раис сайланади. «Қошқайрон» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ушбу жараён тартибга мувофиқ, уюшқоқлик билан ўтди. Дастлаб сайлов жараёнини юритувчи раёсат, котиб ва саноқ комиссияси сайланди. Раисликка номзодлар ўз дастурларини тақдим этиб, фуқаролар томонидан ёпиқ овоз бериш орқали энг муносиб номзод танланди.

Айни вақтда Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарларида сайловлар белгиланган тартибда давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер