Фарғона «Рақамли маҳалла» платформаси орқали муаммоларни онлайн юбориш имконияти яратилди
Бу йилдан Фарғона вилояти адлия бошқармаси томонидан аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида «Ҳуқуқий маҳалла» лойиҳасини амалга оширишнинг янги тизими ишлаб чиқилди.
— Янги тизим ҳудудлар кесимида ҳуқуқий муаммоларни тезкорлик билан аниқлаш ва қисқа вақтда ҳал этиш имконини беради, — дейди Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Абдулҳамид Омонов. — Натижада ҳамюртларимизнинг адлия органларига онлайн мурожаат қилиш имконияти кенгаяди. Ўз навбатида ходимларимизнинг «маҳалла еттилиги» билан ўзаро ҳамкорлиги яхшиланади.
Таъкидлаш ўринлики, аввал «Онлайн маҳалла» платформаси орқали фақат ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳуқуқий муаммоларни юбориш имконияти мавжуд эди. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар самараси сифатида эндиликда янги ташкил этилган «Рақамли маҳалла» платформаси орқали маҳалла раислари ҳам адлия органларига ўз ҳудудидаги ҳуқуқий муаммоларни электрон тарзда юбориши мумкин.

Айни жараёндаги ишлар туфайли ўтган йили Фарғона вилоятидаги 228 та маҳаллада «Ҳуқуқий маҳалла» лойиҳаси тўлиқ амалга оширилди. Қарийб 175 мингта хонадон қамраб олиниб, аҳолининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, пенсия ва ижтимоий нафақа тўловлари, уй-жой ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, аҳоли бандлиги, таълим ва соғлиқни сақлаш сингари ўндан ортиқ энг муҳим ҳаётий масалалар бўйича 145 мингдан кўпроқ мурожаатлари кўриб чиқилди ҳамда ижобий ҳал этилди.
Хусусан, 10 мингдан зиёд фуқарога бепул дори-дармон етказиб берилиб, уларнинг бундай имтиёзни олишга бўлган қонуний ҳуқуқи тикланди. Вилоят миқёсида аҳолининг ичимлик сувидан 300 миллион сўм ва чиқинди ташиш хизмати учун 20 миллион сўм нореал қарздорлиги бекор қилинди. Шунингдек, 1,5 минг нафардан кўпроқ шахсга қонунчиликда белгиланган, бироқ турли сабабларга кўра амалда татбиқ этилмай келинаётган солиқ имтиёзлари қўлланиши таъминланди ва ҳоказо.
Умуман олганда, «Ҳуқуқий маҳалла» лойиҳаси доирасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзларни қўллаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга 322 та тақдимнома ҳамда 227 та даъво аризаси киритилди.
«Адлия-маҳалла» «Онлайн маҳалла» платформалари орқали 22,7 мингта мурожаат қабул қилиниб, ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг