«Фаол ҳаётга қадам»: умид ва ишонч

17:57 09 Июль 2025 Жамият
458 0

Ангор туманида эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида янги ижтимоий хизмат тури йўлга қўйилди. Айни пайтда ундан етти нафар киши доимий фойдаланмоқда.

Кундузги қатнов асосида хизматлар ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 дан 62 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги шахсларга кўрсатилади. Ҳар ҳафтада беш кун, соат 08:00 дан 17:00 гача кундузги қараб туриш, овқатлантириш, гигиеник меъёрларга риоя қилиш, мулоқот ва мустақил кўникмаларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

 

Орзугул Эргашева 2005 йили рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронлик аравачасига мослашишга мажбур бўлган. Ўтган йигирма йил мобайнида кундалик ҳаракатланиш, парвариш ва руҳий кўмак учун ёрдамга муҳтож эди.

— “Фаол ҳаётга қадам” дастури мен каби жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун умид ва яшаш истагини қайта уйғотмоқда, — дейди О. Эргашева. — Меҳрибон ва сабр-тоқатли ходимлар ёрдамида соғлиғимда ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Тиббий машқлар орқали туриш ва ҳатто қисқа масофага юришни бошладим. Бу мен учун катта ютуқ. Мана шундай ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдорман.

Айтиш жоизки, бу каби ижтимоий хизматлар шахснинг нафақат кундалик эҳтиёжини қондириш, балки унинг руҳий ҳолатини яхшилашга ҳам ёрдам беради. Дастурга қизиқиш ошиб бораётгани сабабли келгусида қамровни янада кенгайтириш режалаштирилган.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер