ФАО кўмагида тоғли Ғелон маҳалласидаги оилаларга иссиқхона қуриб берилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Шаҳрисабз туманининг Ғелон маҳалласидаги 5 та оилага иссиқхона қуриб берилди ҳамда томорқада ишлатиш учун уларга мотокултиваторлар топширилди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу лойиҳа Глобал экологик жамғарма (ГEФ) томонидан молиялаштирилиб, ФАО томонидан Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ташаббус ҳисобланади.
— Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ердан унумли фойдаланишни ташкил қилиш орқали оилаларнинг даромадини оширишга қаратилган, — дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа миллий координатори Азиз Нурбеков. — Бу эса келгусида оилалар фаровонлигини таъминлаш, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари мўллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Мутахассисларимиз томонидан иссиқхона эгаларига сабзавот экинларини экиш бўйича тавсиялар ҳам берилди.
Шунингдек, ФАО делегацияси аъзолари Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасанов билан учрашиб, туманда бу каби лойиҳаларни кенгайтириш, аҳолини экологияга зарар етказмаган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш маданиятини юксалтириш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро фикр алмашишди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг