Эзгулик чегара танламайди
Ҳаммамизга аёнки, бирон-бир давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди.
Биз бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутишимиз лозим. Биз биргаликда кўп нарсага қодирмиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ.
Сайёрамиз кутилмаган синовга дуч келди. COVID-19 деб аталмиш вируснинг дунё мамлакатларини жиддий имтиҳондан ўтказаётгани, барча соҳалар, айниқса, иқтисодиёт, тиббиёт, таълим тизимига таъсири мазкур йўналишларда янги, илғор ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлигини яққол ифода этди. Сабр-бардош, матонат, саховат, мурувват, бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар ҳар қачонгидан-да аҳамиятга эга бўлгани ва уни тарбия омили сифатида янгича руҳда изчил ривожлантириш, кенг ёйиш, ибрат олиш тўғри чоралардан бири эканлигини барчамиз кўриб, кузатиб турибмиз. Қадриятлар қадрланган юртда эса халқнинг бунёдкорлик салоҳияти, ватанпарварлик, масъулият ва ботинида яшаётган миллий ғурур, меҳр-оқибат, мардлик, инсонпарварлик қуввати юзага чиқади. Бунинг натижасини тинч ва фаровон юртимиз мисолида ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Буни дунё тан олмоқда.
Карантиндаги юз кун
Мамлакатимизда карантин эълон қилинганига салкам юз кун бўлди. Ўзбекистон пандемия даврида коронавирус келтириши мумкин бўлган талафотларга қарши комплекс ёндашувни ишлаб чиқди. Давлатимиз пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларини ҳамда барча ресурсларни сафарбар этди.
Мавжуд вазият ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиниб, бўлажак хавф-хатарларни, улар билан боғлиқ муаммолар олдиндан прогноз қилинди, уларнинг ечимига аниқ режа ва пухта чоралар ишлаб чиқилди.
Касалликни енгиш бўйича барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик янада кучайтирилди. Хитой, Жанубий Корея, Россия, Исроил, Буюк Британия, Германия ва Япониянинг етакчи мутахассислари билан беморларни даволаш бўйича телемедитсина орқали мулоқотлар йўлга қўйилди, уларнинг тавсиялари ўзимизда фаол жорий этилди.
Асосийси, Ватанимизда яшаётган ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаяпти.
Бошқа давлатлар тақдирига ҳам бефарқ эмас
Пандемия даврида Ўзбекистон нафақат ўз халқи, балки бошқа мамлакатлар тақдирига ҳам бефарқ қараб турмади. Бу бежиз эмас. Кейинги йилларда ташқи сиёсатимиздаги янги руҳ, прагматик қараш давлатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини оширишда муҳим аҳамият касб этяпти.
Коронавирусга қарши самарали курашишда бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутиш лозим эканлигини Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқида алоҳида таъкидлаб ўтди.
Пандемия даврида Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ўзига хос устувор йўналиш коронавирусдан азият чекаётган мамлакатларга инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлди.
Қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон яқин, қўшни ва ҳамкор мамлакатларга дўстона ёрдам қўлини чўзиб келмоқда. Ўзбекистон Президентининг топшириғига биноан, Хитой, Эрон, Венгрия, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларус ва бошқа давлатларга инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди.
Ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин намунаси
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва дўстлик асосига қурилган. Икки давлат коронавирус инфекциясига қарши давом этаётган курашнинг энг мураккаб даврида ўзаро кўмак ва гуманитар ёрдам кўрсатишда алоҳида намуна кўрсатди.
Шу йил апрель ойининг иккинчи ярмида ушбу хавфли вирус билан касалланганларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш соҳасида Хитойнинг улкан амалий тажрибага эга етакчи врачлари гуруҳи мамлакатимизда бўлди. Хитойлик мутахассислар юксак профессионал маҳорат намойиш этиб, уларнинг мамлакатимиз ҳудудларидаги машаққатли меҳнати пандемияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Албатта, бу шаклдаги инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга даставвал Ўзбекистон ташаббускор бўлганини алоҳида қайд этиш зарур. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 февралда Хитой Халқ Республикасига инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисидаги фармойишни имзолаган эди. 12 февраль куни Хитой Халқ Республикасининг Хубей провинциясига инсонпарварлик ёрдами юборилди. Гуманитар юк таркибида тиббий йўналишдаги энг зарур маҳсулотлар — бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, юз учун фильтрловчи ниқоблар бор эди.

Орадан яна бир ойча вақт ўтиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи босқичи шакллантирилди.
Сзян Ян,
ХХРнинг мамлакатимиздаги
Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Хитойнинг Хубей провинциясида коронавирус аниқланган дастлабки кунларданоқ Хитой ҳукумати ва халқи мамлакат раҳбари Си Сзинпин бошчилигида мазкур касалликка қарши курашиш борасида қатъий ва мақсадли чораларни кўрди.
Айнан мана шундай долзарб кунларда Хитой халқи Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шакллантирилган инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиб олди. Тўғриси, бу ҳар қандай кишини тўлқинлантиради. Хитойда шундай гап бор: «Дўстлар бир-бирига оғир кунда ёрдам бериши керак». Бу ўзбек халқининг «Дўст кулфатда билинар» деган мақоли билан ҳамоҳанг. Биз Ўзбекистон ҳукумати ва халқи томонидан кўрсатилган беминнат ёрдамни чуқур ҳис этиб турибмиз. Бундай илиқ муносабатни Хитой юксак қадрлайди.
Ўзбекистон ва Хитой азалий дўст. Мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли стратегик шериклик мунтазам ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг навбатдаги дадил қадами, ушбу тадбир, мана шу инсонпарварлик юки ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражасини акс эттиради. Биз яхши англаймизки, бу шунчаки юк эмас. Чин юртига керакли маҳсулотлар билан бирга чуқур бирдамлик ҳис-туйғуси йўлланмоқда.
Бир-бирига ҳамдард, елкадош
16 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди.
Давлат раҳбари топшириғига асосан Эроннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мазкур хавфли инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалари сингари умумий оғирлиги қарийб олти тонна бўлган тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юборилган.

Ҳамид НАЕРАБАДИ,
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги
Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Ҳаёт қувончли ва қайғули кунлардан иборат. Коронавируснинг жаҳон бўйлаб тарқалиши ҳам дунё халқлари учун катта синов. Бу бўҳронли кунларда бир-биримизга ҳамдард, елкадош бўлишимиз керак.
Мамлакатларимиз маданиятида умумий тушунча бор: ҳақиқий дўст бошга оғир кун тушганда, ғаму шодликларда бирга бўлади. Эрон Ислом Республикаси ҳукумати ва халқимиз номидан Ўзбекистон ҳукумати ва дўст, биродар халқига, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирамиз. Умид қиламизки, бутун жаҳон аҳли коронавирусни биргаликда енгиб ўтади.
Биродар халққа ёрдам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биродар Беларус халқига дўстона ёрдами икки мамлакат халқлари бирдамлиги, бирлигининг яна бир ифодаси бўлди. Аллақачон глобал муаммога айланган коронавирусга тезроқ барҳам бериш дунё халқларининг бир мақсад йўлидаги ҳамкорлиги ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларига бевосита боғлиқдир. Ўзбекистон Президентининг биродар Беларус халқига тиббий маҳсулотлардан иборат дўстона ёрдами шакллантирилиб, махсус рейс орқали юборилган эди.
Борис АНДРОСЮК,
Беларус соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:
— Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазирлиги ва барча тиббиёт ходимлари номидан шундай қийин вазиятда ёрдам қўлини чўзган ўзбек халқига миннатдорлик билдираман. Ушбу гигиеник воситалар коронавирусга қарши курашишда жуда муҳим ҳисобланади. Бу ҳозирги қийин ҳолатда дўст ўзбек халқи томонидан ажойиб қадам бўлди. Барчаси учун раҳмат.
Аркадий ШКЛЯР,
педагогика фанлари доктори, профессор:
— Қадрли ўзбек биродарларимиз! Ўзбекистон Президентининг Беларус халқига коронавирусга қарши курашишдаги ёрдамини мен катта мамнуният билан қабул қилдим. Аёвсиз уруш йилларида Россия, Украина, Беларусдан эвакуация қилинган минглаб қариялар, аёллар, болаларни ўзбек халқи, ўзбек оилалари қучоқ очиб кутиб олиб, бир бурда нонини бўлишиб еганига гувоҳ бўлганмиз. Мана, бугун биз яна ўзбек халқининг буюклигини кўрмоқдамиз. Бошим ерга теккунга қадар қадрдон ўзбек халқига, унинг Президентига таъзимдаман.
Олга САМУСEВИЧ,
Беларус давлат университети декани:
— Ўзбекистон Президенти ва давлатингизнинг ушбу ёрдами икки биродар халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ҳеч қандай эпидемия, ҳеч қандай душман бизнинг ҳамкорлигимизга хавф сола олмаслигидан далолат. Аксинча, шундай кунларда ҳақиқий дўстлар, ишончли шериклар сараланади. Барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Қардош элнинг ришталари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан қардош Қирғизистон халқига юборилган инсонпарварлик ёрдами темир йўл орқали шу йилнинг 1 апрелида Ўш шаҳрига етказилди.
Ўзбекистондан жами 17 вагонда юк олиб келинди. Жумладан, минг тонна ун, 7 мингта ҳимоя кийими, 7 мингта респиратор, 20 минг жуфт қўлқоп, 500 ҳимоя кўзойнаги, 200 пирометр Қирғизистон томонига топширилди.

Эдил ОСМОНБEТОВ,
Қирғизистон ташқи алоқалар ва хавфсизлик кенгаши ҳамраиси:
— Ўзбекистоннинг оғир вазиятда кўрсатган ёрдамини қирғиз халқи олқишлайди. Ушбу олижаноб қадам минтақавий ҳамкорлик, интеграция ва ўзаро муносабатларни яхшилашга интилаётган мутлақо бошқа Марказий Осиёни кўраётганимиздан далолат беради. Бу, ишонч ва тушуниш муҳитидир.
Коронавирус пандемияси даврида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон барча муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар томонлама ўрнак бўлмоқда. Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари эса ўзаро ишонч даражасига кўтарилгани муҳим аҳамиятга эга.
Гуманитар ёрдам келажакда яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли муносабатлар ва стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Бакит БАКEТАЕВ,
сиёсатшунос ва жамоат арбоби:
— Қардош Ўзбекистон кўп асрлик қўшнисига дўстлик қўлларини узатди. Қирғизистон халқи яна бир бор икки давлат ўртасидаги қардошлик ва стратегик шериклик ришталари бундан-да мустаҳкамлаш бўлишига ишонади.
Коронавирус пандемияси даврида қирғиз халқига кўрсатилаётган гуманитар ёрдам икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш зарурлигининг яққол тасдиғи бўлади.
Пандемия пайтида Президент Шавкат Мирзиёев шарқона инсонпарварлик намунаси ва донолигини намойиш этди. Бу кўпчилик учун ўрнак бўлиши керак.
«Ўзбекистон кўмагини ҳар бир афғон фуқароси чуқур ҳис қилади»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавирус тарқалишининг олдини олишда кўмак бериш мақсадида шу йилнинг 3 апрелида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди.
Афғонистон фавқулодда вазиятлар бўйича давлат вазири Н.Фаҳимнинг айтишича, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, мамлакат иқтисодиёти ва инфратузилмасини тиклашдаги роли юқори.

— Ҳақиқий дўст қийин пайтда билинади, деб бежиз айтилмайди. Бу ибора бугун яна бир карра ўз исботини топди, — дейди вазир Н.Фаҳим. — Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти ва халқига тинчлик-омонлик, саломатлик тилаймиз.
Балх вилояти губернатори И.Рахгузарнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон қардош давлат сифатида Афғонистонда бўлаётган жараёнларга бефарқ эмаслигини ҳар бир афғон фуқароси чуқур ҳис қилади.
“Ўзбекистон COVID-19 даврида Марказий Осиё дипломатиясида етакчилик қилмоқда”
Айни шу сарлавҳада “The Diplomat” халқаро ихтисослашган нашрида эълон қилинган мақолада пандемия даврида Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро муносабатлардаги ташаббуслари эътироф этилади.
Мақола муаллифи, журнал бош муҳаррири Кетрин Путснинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати ушбу вазиятда стратегик жиҳатдан мулоқот ва ҳамкорлик учун самарали ҳисобланади. Ўзбекистон раҳбарининг ҳамкорликка содиқлик, айниқса, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ушбу жараёнларга Aфғонистонни жалб қилишдаги интилишлари унинг ўзига хос тутумига чизгилардир.
Путснинг сўзларига кўра, Aфғонистон ушбу минтақада COVID-19 инфекцияси билан энг оғир зарарланиши мумкин бўлган ҳудуд бўлиб, эпидемияга қарши ўз кучлари билан кураша олиши даргумон. Бунга мамлакатда фуқаролар урушининг узоқ йиллар давом этгани, қийин сиёсий ва иқтисодий вазият ҳукм сураётгани сабаб. «Шу боис Ўзбекистон томонидан Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамининг жўнатилгани муҳим ва ўз вақтида амалга оширилди», дейди у.

«Ҳақиқий дўст бошга ташвиш тушганда билинаркан»
Мамлакатимизнинг Венгрия халқига кўрсатган инсонпарварлик ёрдами Европа ҳамжамияти томонидан ҳам чуқур ҳурмат билан кутиб олинди. Венгрия ҳукумати вакиллари бундай кўмак учун ўз миннатдорчилигини яшириб ўтирмади.
Петер СИЙЯРТО, Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири:
— Соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли саломатлигини асрашдаги муҳим восита зарур ҳимоя воситаларига эга бўлиш ҳисобланади. Шу мақсадда биз бир қанча давлатларга ёрдам сўраб мурожаат қилдик.
Хитой, Туркия ва Ўзбекистон бизга ёрдам қўлини чўзди. Ўзбекистон ҳукумати Венгрияга 150 минг тиббий ниқоб ва бошқа ҳимоя воситалари етказиб берди. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик изҳор этаман. Ҳақиқий дўст бошга ташвиш тушганда билинар экан.
Азалий ришталар ва яхши қўшничилик йўли
Жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон Тожикистонга дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган 18 та темирйўл вагонини жўнатди. Президентимиз топшириғи билан 8 май куни саккиз нафар ўзбекистонлик вирусолог ва 10 тонна тиббий асбоб-ускуналар, шу жумладан, 10 та ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппарати Душанбега юборилди.
— Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ биринчи ҳолат аниқланган кундан бошлаб, касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор ва қатъий чораларни кўрди, — дейди Тожикистон Миллий фанлар академиясининг Осиё ва Европа мамлакатлари институти катта илмий ходими Виктор Ким. — Шунингдек, Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсий тутуми ва Тожикистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ғояларига содиқ қолмоқда.
— Тақдим этилган тиббий буюмлар шифокорларнинг CОVID-19га қарши курашишларида асқатади, — деди Тожикистон сиёсатшунослар миллий ассоциацияси раиси Абдуғани Мамадазимов. — Қардош Ўзбекистон томонидан юборилган инсонпарварлик ёрдами мамлакатимизда миллий соғлиқни сақлаш тизими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёда пандемия тарқалишига қарши биргаликда курашишда ёрдам беради.
Буларнинг барчаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда пандемияни тўхтатишга ва шу билан бирга, дунёда коронавирус тарқалишига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат.
Омонулла ФАЙЗИЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг