Эзгу мақсадлар йўлидаги якдиллик ифодаси

09:56 19 Июль 2023 Жамият
492 0

Бу йил мамлакатимиз ҳаёти қизғин сиёсий жараёнларга бой бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Дастлаб янгиланган Конституцияни умумхалқ референдуми орқали қабул қилган бўлсак, 9 июль куни улкан тарихий воқеа — муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказилган сайлов Ватанимиз, қолаверса, бутун халқимиз учун янги даврни бошлаб берди.

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқини халқимиз катта қизиқиш билан кузатди. Боиси унда давлатимиз раҳбари келгуси йилларда амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил тўхталди.

Айтиш жоизки, юртимиз тараққиётини белгилайдиган устувор вазифаларни амалга ошириш учун шарт-шароит ҳам, имконият ҳам, интеллектуал ва маънавий салоҳият ҳам етарли. Буни давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Эътиборимизни тортган жиҳат шу бўлдики, давлат раҳбари нутқидаги фикр-мулоҳазалар, белгиланган вазифалар бутун халқимиз учун тушунарли тилда баён этилди.

Хусусан, Президентимиз Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўли моҳиятини очиб бераркан, бошқа соҳалар қаторида ёшлар масаласига ҳам тўхталиб, навқирон авлодга янги Ўзбекистон, учинчи Ренессанс бунёдкорлари сифатида мурожаат қилди. Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, қадрига етиб, доим интилиш ва изланишда бўлишга чақирди. Бу фикрлар мамлакат тараққиёти йўлида ёшлар масаласи, таълим, илм-фан масаласининг ўрни жуда муҳим эканлигини кўрсатади.

Юртбошимиз деярли ҳар бир чиқишида “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда”, деган фикрни айтиб келади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, ҳозирги зиддиятли, ўта мураккаб замонда тўғри йўл тутиш учун ақл керак, илм, билим, салоҳият керак. Бу эса рақобатбардош ҳамда ватанпарвар кадрларни тайёрлаш билан бевосита боғлиқ.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз нафақат моҳир пахтакор ва боғбонлар ўлкаси, балки юқори малакали IТ мутахассислар, инженер ва энергетиклар, кончи ва металлурглар, физик ва кимёгарлар мамлакати бўлишимиз керак.

Албатта, бу гапнинг таг замирида бир томондан, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад ва кутилаётган натижалар ётса, иккинчи томондан Ал-Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Замахшарий каби улуғ аждодларимизга муносиб ворислик масъулияти ҳам мужассам.

Санжарбек ДАВЛЕТОВ,

Урганч давлат университети

Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, тарих фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер