ЕТТБ Ўзбекистонга 150 млн. доллар кредит ажратади
Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида учта лойиҳа бўйича умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг кредит шартномалари имзоланди.
Мазкур маблағлар Навоий ИЭСдан Бесопанда жойлашган 220 кВ. электр узатиш тармоғини улаш/узиш пунктигача 177 км. узунликдаги 500 кВ. габаритдаги 220 кВ. электр линиясини қуриш, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри канализация тизимларини қайта таъмирлаш ва қурилиш ишларини амалга ошириш ҳамда Хоразм вилояти Урганч, Хива ва Питнак шаҳарлари канализация тизимларининг қайта таъмирлаш ва қурилиш ишларига йўналтирилади.
Шартномалар кеча Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда ташкил этилган оралиқ сессиясида имзоланган. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчиси Б.Балванера, ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари А.Дракинос, шунингдек, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки вакиллари, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк раҳбарлари иштирок этишди.

Шунингдек, British American Tobacco (Буюк Британия), JP Morgan Chase (АҚШ), CNPC (Хитой), KNOC (Жанубий Корея), “Лукойл” (Россия), Knauf (Германия), Carlsberg (Дания), Posco Daewoo (Жанубий Корея) ва бошқа шу каби Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини амалга ошираётган ёки амалга оширишни режалаштираётган хорижий компаниялар раҳбарлари ҳам қатнашди. Бундан ташқари, Ernst&Young, KPMG, Deloitte, Pricewaterhouse Coopers, Dentons каби халқаро консалтинг агентликлари экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам ҳозир бўлди.
Маълумот учун: Хорижий инвесторлар кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашини ва унинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ Фармонига мувофиқ ташкил этилган.
Ушбу Кенгаш таркибига ЕТТБ каби халқаро молия институтлари, хорижий компаниялар, банклар ва хорижий давлатлар молиявий ташкилотларининг раҳбарлари ва вакиллари киради.
Кенгаш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигидаги ялпи сессиялар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигидаги оралиқ сессиялар шаклида ўтказилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг