Этноспорт фестивали доирасида белбоғли кураш бўйича халқаро турнир ўтказилди
Фото: "Халқ сўзи"
Жорий йилнинг 7 — 11 сентябрь кунлари Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” тарихий мажмуасида илк бор Халқаро этноспорт фестивали бўлиб ўтди. Унинг доирасида миллий спорт туримиз саналган белбоғли кураш бўйича эркаклар ўртасида бешта вазн тоифасида халқаро турнир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан ўтказилган мазкур нуфузли халқаро турнирда Ҳиндистон, Мўғулистон, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби 10 дан ортиқ давлатларнинг номдор полвонлари ғолиблик иштирок этишди. Юқори савияда ташкил этилган турнирда ўзбекистонлик Нусрат Юлдошев, Оғабек Аматбаев, туркманистонлик Аннагурбан Аллабердиев, Нобатгелди Назаров, қозоғистонлик Нурсултон Кузагелди улу ўз вазн тоифасида ғолибликка эришди.
Турнир якунида кучли учликдан жой олган полвонлар жаҳон белбоғли кураш конфедерацияси томонидан диплом ва медаллар билан тақдирланди. Тақдирлаш маросимида жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев иштирок этди.
Шунингдек, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев раислигида навбатдаги конгресс ҳам ташкил этилди. Унда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди. Конгрессда Озарбайжон, Литва, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Италия, Испания, Россия, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон, АҚШ, Швеция, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Грузия, Исроил, Мўғулистон, Эстония ҳамда Латвия белбоғли кураш федерацияси раҳбарларига аъзолик сертификатлари топширилди.
Конгресс сўнггида Америка Қўшма Штатлари белбоғли кураш федерацияси вакили, Тошкент — Сиэтл ҳамдўстлик шаҳарлари ассоциацияси раиси Лола Захарова билан АҚШда белбоғли курашни оммалаштириш борасида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев, Осиё белбоғли конфедерацияси раиси Мўмин Муратов ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастировлар билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг