Эътибордан қалблар шод бўлди

19:45 21 Октябр 2022 Жамият
686 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, айни жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишларига устувор эътибор қаратиб келинмоқда. Худди шундай хайр-саховат тадбирлари Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усманов бир гуруҳ маҳалла фаоллари, тегишли мутасаддилар билан бирга тумандаги «Навбаҳор» МФЙда истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони Машраб Мирзараҳимов хонадонида бўлди. Унга «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан ногиронлик араваси ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

«Янгиараб» МФЙда яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Муҳриддин Ҳомидов, бир неча йилдирки, тўшакка михланган. Онаси «Аёллар дафтари»да туради. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ижтимоий ҳимояга муҳтож бу оилага ҳам ногиронлик араваси ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.

— Саховатли кишилар бор бўлсин, — дейди «Жўрак» МФЙда истиқомат қилаётган Шаҳзода Дадахонова. — Қўлдан келганча ёрдам кўрсатишмоқда. Бугун ногиронлик араваси совға қилишди, ҳолимиздан бохабар бўлиб, кам-кўстимиз билан қизиқишди. Баъзан бир оғиз далда, кичкина мадад ҳам кишига куч, қалбига ёруғлик олиб кираркан. Барчаси учун миннатдормиз.

Шу куни «Узумчи» МФЙда умргузаронлик қилаётган «Темир дафтар»да турувчи Муроджон Қўшақов оиласига ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Фарғона вилоят бўлим бошқаруви раҳбари Баҳодиржон Юлбарсовнинг маълум қилишича, жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятда ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга 13та ногиронлик араваси етказиб берилди. 58 нафар фуқаро бандлигини таъминлаш мақсадида умумий қиймати 23 млн. сўм бўлган замонавий тикув ва маиший техника воситалари тарқатилди. Шунингдек, 655 нафар фуқарога 75 млн. сўмлик кундалик истеъмол маҳсулотлари берилиб, 312 нафарига 262 млн. сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер