Эски кон яна даромад манбаига айланди
“Alpha Mining Group-Asia” масъулияти чекланган жамияти мамлакатимиздаги йирик тоғ-кон саноати корхоналаридан бири ҳисобланади. Жорий йилда ушбу субъект Чироқчи туманида ҳам яна бир йирик лойиҳани амалга оширмоқда.
Умумий қиймати 20 миллион долларни ташкил этадиган ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида туманнинг Бешбулоқ маҳалласи ҳудудидаги марганец конидан қимматбаҳо руда қизиб олиниб, шу ернинг ўзида қайта ишланади.

— Марганец металлургия саноати учун муҳим хомашё ҳисобланиб, у рангли металлургия саноатида, коррозияга қарши ишлатиладиган қопламалар тайёрлашда кенг қўлланилади, — дейди “Alpha mining group-asia“ МЧЖнинг кон бошлиғи Икром Мухторов. — Керакли миқдорда марганец аралашмаси қўшилган пўлат қотишмалар ўзининг мустаҳкамлиги билан ажралиб туради. Демакки, бу маҳсулотга ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам талаб юқори. Бу лойиҳа ана шуниси билан муҳим ва истиқболли ҳисобланади.
Корхона кондан марганец қазиб олиб, уни шартнома асосида металлургия корхоналарига етказиб беришни аллақачон бошлаган. Айни вақтда эса қазиб олинган рудани шу ернинг ўзида қайта ишлаб, тайёр хомашё тарзига келтирадиган корхонани қуриш жараёнлари кетмоқда. У жорий йилда ишга туширилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, Чироқчи туманининг Бешбулоқ маҳалласидаги марганец конидан 40-50 йил аввал ҳам руда қазиб олинган. Бироқ кейинчалик бу жараён тўхтаб қолган эди. Коннинг яна қайта ишга туширилиши эса ҳудуд аҳолисининг қувончига сабаб бўлди. Чунки кондан руда қазиб олиш ишларининг бошланиши билан ҳудуддаги 100 нафар киши доимий иш жойига эга бўлган бўлса, қайта ишлаш корхонаси ишга туширилгач, яна 120 та ишчи кучига эҳтиёж пайдо бўлади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг