Эртошсойда меҳмон уйлари сони 85 тага етди

10:05 31 Июль 2023 Жамият
503 0

Маълумки, Оҳангарон тумани ўзига хос табиати, иқлим шароити, қолаверса, муқаддас қадамжолари билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли манзилига айланяпти.

Қурама ва Чотқол тоғ тизмалари, Оҳангарон дарёсининг ҳар бир фаслдаги гўзал манзаралари барчани ҳайратга солиши табиийдир.

Президентимизнинг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан туманда туризм хизматларини ривожлантириш, меҳмонхона, умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланаётган туман аҳолиси ўз ўзини банд қилиш борасида бошқаларга анча ўрнак кўрсатмоқда. Айниқса, Эртошсой ва Овжазсой қишлоқларига “туризм қишлоғи” мақоми берилганидан сўнг ҳудудда сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми ортди.

Хусусан, Эртошсой қишлоғида яна 20 та оилавий меҳмон уйи ва битта “Мустафо” дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилди. 30 та янги иш ўринлари яратилди.

Шу муносабат билан Тошкент вилояти туризм бошқармаси томонидан оилавий тадбиркорларга фаолиятини бошлаш учун махсус гувоҳномалар берилди. Вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов тадбиркорларнинг келгуси ишларига ривож тилаб, ўзининг тавсияларини берди. Эндиликда мазкур қишлоқда меҳмон уйларининг сони 85 тага етди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2022 йилда бу қишлоққа олиб келувчи 11 километр йўл асфальт қилинди. Тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. сайёҳлар учун отда сайр, йўл танламас транспорт воситалари билан Арашан булоғига саёҳат, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш каби 5 хил хизмат йўлга қўйилди. Натижада бир кунда Эртошсойга 1200 -1300 нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар келмоқда.

Келгусида белгиланган давлат дастурлари асосида тумандаги туризм манзилларининг мавжуд инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер