Эркатойнинг эркалиги узоққа чўзилмади

13:20 27 Ноябрь 2024 Жамият
454 0

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 ноябрь кунидан 2025 йилнинг 2 январь кунига қадар юртимизда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ҳар қандай ҳолатларга қарши курашиш, тарғибот тадбирлари самарадорлигини оширишга қаратилган «Хавфсиз ҳудуд — долзарб 50 кун» профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.

Бу борада Сурхондарё вилоятида, хусусан, Термиз шаҳрида ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Махсус профилактик тадбир доирасида ўтказилган тунги рейд вақтида “Tracker” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилганда уни вояга етмаган йигит ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқараётгани, устига-устак, юридик шахсга тегишли бўлган автомобилда йигитча бир нечта қизлар билан кечки сайрга чиққани аниқланди. Эркатойнинг эркалиги узоққа чўзилмади. Унга нисбатан қонунчиликка асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойланди.

Тадбир давомида транспорт воситасини давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб бошқариш, махсус овоз чиқарувчи мослама ўрнатилганлик, тегишли рухсатномасиз транспорт воситаси ойналарининг тусини ўзгартиш (қорайтириш), «қидирув»да бўлган, тегишли ҳужжатларсиз ва ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмай бошқарилган транспорт воситалари аниқланиб, белгиланган тартибда баённомалар расмийлаштирилди.

Тунги рейдларнинг ўтказилишидан асосий мақсад кечаси содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли тинчлигини таъминлашдан иборат.

«Хавфсиз ҳудуд — долзарб 50 кун» профилактик тадбирлари доирасида ўтказилаётган «Ноябрь — психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши биргаликда курашамиз» акциясида Сурхондарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар таъсирига тушиб қолмаслик, уларнинг ноқонуний айланишига қарши биргаликда курашишга чақириш борасида тарғибот, тушунтириш тадбирларини амалга оширмоқда.

Жалолиддин АБДУРАХМОНОВ,

Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХБ

1-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер