Эрдоған Исроилни қўллаб-қувватлаб оловга ёғ қуйишни бас қилишга чақирди
Фото: Reuters
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған минтақадан ташқари ўйинчиларни Исроилга ёрдам бериш орқали Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
“Минтақадан ташқари актёрлар Исроилни қўллаб-қувватлаб оловга ёғ қуйишни бас қилишлари керак”, деди Туркия раҳбари.
У, шунингдек, Тель-Авивни Ғарбий Соҳилдаги “жойлашув террорида” айблади, бу эса Фаластин ҳудудларини яҳудий жамоалари билан жойлаштириш сиёсатига ишора қилади.
Аввалроқ, Туркия етакчиси Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилиб, Ғарб давлатларининг сукут сақлаши Ғазо секторида гуманитар инқирозга олиб келганини айтиб, Анқара минтақада осойишталикни таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлаганди.
Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва Исроил ҳудудига ҳаводан зарбалар берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олган. Шу фонда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди.
Исроил мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади. Исроил ҳаво кучлари Ғазо секторига юзлаб зарбалар берди. Ушбу ҳудудга сув, озиқ-овқат, электр ва ёқилғи етказиб бериш тўхтатиб қўйилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг