Ер юзидаги барча музликлар 2100 йилга бориб эриб тугаши мумкин – БМТ
Дунё бўйлаб музликларнинг эриш тезлиги ҳозиргидек давом этса XXI асрнинг охирларига келиб, Ер юзи деярли музликларсиз қолиши мумкин. Бу ҳақида БМТнинг иқлим бўйича экспертлари «Бутунжаҳон музликлар куни» муносабати билан ўтказилган тадбирдаги нутқида маълум қилди.
Ҳар йили 21 март куни, «Бутунжаҳон музликлар куни» дея эътироф этилиб, музликларнинг Ер сайёраси иқлим, атроф-муҳит тизимидаги ҳал қилувчи аҳамияти ҳақида масъулиятни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб барча музликлар дунёдаги ичишга яроқли сув захираларининг тахминан 70 фоизини ўзида жамлаган. Аммо ҳар йили дунё бўйлаб 273 миллиард тонна муз эриб, океанларга қуйилмоқда. Бу ҳажм дунё аҳолисининг ўттиз йиллик сув истеъмолига тенг сув миқдорини ташкил қилади.
Музликлар иқлим, атроф-муҳит ўзгаришига таъсир ўтказадиган асосий омил ҳисобланиб, барқарор иқлим шароитида эримайди. Бироқ, ҳозирги кунда инсон омили сабабли юзага келаётган глобал исиш оқибатида музликларнинг эриш майдони катта тезликда кенгайиб бормоқда. Мунтазам эриш оқибатида кўплаб музликлар кескин камайиб кетяпти. Музликларнинг эриш ҳажми йиллик кўрсаткичда рекорд даражага етган. Марказий Европадаги музликларнинг қарийб 40 фоизи аллақачон эриб кетган.
Шунингдек, музликларнинг эриш тезлиги шундай давом этса, оқибатда Афғонистондан Покистонгача чўзилган Ҳиндукуш тоғ тизмасидаги 120 миллиондан ортиқ фермерлар ўз хўжаликлари учун зарурий таъминот бўлиб хизмат қилаётган музликларидан айрилишади.
Жаҳон музликларини мониторинг қилиш хизмати раҳбари Майкл Земпнинг маълум қилишича, музликларнинг ҳозиргидек эриш сурати пасаймаса, Алп тоғларида асрлар давомида сақланиб келган йирик музликлар шу асрнинг якунигача бутунлай йўқ бўлиб кетади.
Мутахассисларнинг фикрича, дунё бўйлаб иссиқхона газлари чиқиндилари камайтирилмаса ва ҳарорат ҳозирги суръатда ошишда давом этса, 2100 йил охирига бориб, Европа, Шарқий Африка, Индонезия ва бошқа минтақалардаги кичик музликларнинг қарийб 80 фоизи йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли юқори.
«Биз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Музликларнинг сақлаб қолиниши дунё бўйлаб хавфсизлик, фаровонлик ва адолат учун жуда муҳим. Келинг, инсоният манфаатлари учун асрлар давомида музлаган ҳолда сақланиб келган ҳаёт манбаларини асраб қолиш учун биргаликда ҳаракат қилайлик », – дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг