ЕОИИ доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш ташқи савдони ривожлантиришга хизмат қилади
Халқаро ҳамкорликда интеграциялашув давлатлар иқтисодиётини ривожлантиришдаги муҳим жиҳат ҳисобланади. Эркин иқтисодий ҳамкорлик доирасида халқаро муносабатлар олиб бораётган Ўзбекистон ҳам бу жараённинг бевосита иштирокчиси бўлиб бормоқда.
Жаҳон иқтисодиётидаги интеграцион иттифоқлар ва ташкилотларга аъзо бўлишда, энг аввало, аъзолик давлат ва халқ манфаатларига қай даражада мос келишини чуқур таҳлил қилиш муҳим масала саналади. Шу маънода, айни кунларда кенг муҳокама қилинаётган Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ва унинг доирасида техник жиҳатдан тартибга солишнинг ташқи савдони ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсак.
ЕОИИни умумий бозор, деб ҳисобласак, унга аъзо мамлакатлар ўз иқтисодий салоҳиятининг самарадорлиги ва ўсишини оширишдан манфаатдор бўлади. Бундай айланмадаги маҳсулотларнинг хавфсизлиги техник регламентларни қўллаш орқали таъминланади.
Бу нима учун керак? Аввало, техник регламентларни реализация қилиш воситаларини такомиллаштириш маҳсулот сифатини оширишга ҳамда замонавий рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқилишини ривожлантиришга имкон беради.
ЕОИИ мамлакатларида ҳозирги пайтда 48 та техник регламент амал қилади. Улардан 5 таси Ўзбекистон Республикасининг тегишли техник регламентлари билан айнан ўхшаш талабларга эга, 14 та техник регламентда фарқлар мавжуд, 28 та регламентга айнан ўхшаши Ўзбекистонда мавжуд эмас.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида 44 та техник регламент қабул қилинган. Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурига мувофиқ 2023 йилгача яна 42 та техник регламент қабул қилиниши режалаштирилган бўлиб, улардан 13 таси 2020 йилда қабул қилинади. Шу боис халқаро меъёр ва қоидалар билан уйғунлаштириш мақсадида бугунги кунда амалдаги техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Янги техник регламентлар ишлаб чиқилишида ҳам халқаро талаблар ҳисобга олинади.
Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистонда ЕОИИ техник регламентлари меъёрларининг босқичма-босқич қабул қилиниши ва жорий этилиши корхоналаримизнинг иқтисодий майдонда рақобатга тайёрлигини оширади ва учинчи давлатларнинг бозорига чиқиш имкониятини яратади.
Жорий йилда саноат тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида қурилиш материаллари бўйича 684 стандарт, электротехник маҳсулотлар бўйича 260 та, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳасида 320 та, тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноатида 318 та халқаро стандарт қабул қилиниши кўзда тутилган.
Аъзо давлатлар ўз ҳудудларида ЕОИИнинг техник регламентлари талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар, унга қўшимча талаблар қўймасдан ва қўшимча мувофиқликни баҳолаш процедураларини ўтказмасдан айланишини таъминлайди.
ЕОИИда техник регламентлар ёки миллий мажбурий талаблар фақат Евроосиё иқтисодий комиссияси томонидан тасдиқланадиган ягона рўйхатга киритилган маҳсулотнинг муайян турига нисбатан қўлланилади. Иттифоқнинг барча аъзо давлатларида регламентлар кучга кирган пайтдан бошлаб товар ундан чиқариб ташланади.
Шундай қилиб, ЕОИИ доирасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш иштирокчи мамлакатлар ўртасида савдони ривожлантиришнинг муҳим воситасидир. Бироқ Евроосиё иқтисодий иттифоқида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг яратилиши ҳали якунланмаган.
Аҳолининг турмуш даражасини ва ташқи савдони ривожлантириш даражасини ошириш учун техник жиҳатдан тартибга солиш имкониятларидан фойдаланиш, техник жиҳатдан тартибга солиш миллий стандартларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, тизимдаги ўзгаришлар тўғрисида маҳаллий бизнесни хабардор қилишни ривожлантириш талаб этилади.
Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси техник тўсиқларни минималлаштиришга ва ЕОИИ аъзо мамлакатлари ўртасида савдо қилиш учун қулай шароитлар яратишга ёрдам беради.
Аввало, бу янги экспорт бозорларига кириш имконидир. Нисбатан арзон маҳсулотни экспорт қилиб, Ўзбекистон катта фойда олиши мумкин. Ўзбекистон интеграцион уюшмага киришида миллий меъёрларини, шу ташкилот талаблари билан унификация қилади. Бу эса тадбиркорларимизга катта имкониятлар беради.
Техник регламент ва стандарт талабларини уйғунлаштириш орқали чегаралардаги текширишлар сони аҳамиятли даражада камаяди ва мос равишда экспорт қилувчиларимизнинг молиявий ва вақтга оид сарфлари қисқаради.
Мувофиқликни баҳолашнинг декларация қилиш каби мослашувчан шаклларига босқичма-босқич ўтиш мамлакатимизнинг инвестиция жиҳатдан жозибадорлигини оширади.
Шунингдек, ягона талабларга ўтиш ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат ошишига олиб келади, бу эса, ўз навбатида, энг аввало, истеъмолчи учун фойдалидир.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг