Энг олижаноб ишга ўз ҳаётини бағишлаганлар

11:36 15 Ноябрь 2021 Жамият
645 0

Фото: "Халқ сўзи"

Мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланган тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Термиз шаҳрида ўтказилган тантанали тадбирда вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларида меҳнат қилаётган шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Байрам тадбирида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Қайд этилганидек, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъмат. Фақат соғлом инсон ва халқ мислсиз ишларга қодир бўлади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш ишлари янги босқичга олиб чиқилди. Жумладан, 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилиниб, изчил ҳаётга татбиқ этилаётгани аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳада илғор амалиётларни жорий этиш имконини бермоқда.

Биргина Сурхондарё вилоятида жорий йилда  69 та тиббиёт муассасасининг фаолияти кенгайтирилиб, мавжуд хусусий муассасалар сони 286 тага етказилди. 12 та оилавий шифокорлик пункти ва 1 та оилавий поликлиника ташкил этилди. Йил якунига қадар яна 14 та хусусий тиббиёт муассасаси очилиши кутилмоқда.

Вилоят кардиология марказига 7,1 млрд. сўмлик 10 турдаги тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди, Аритмологик комплекс тизими яратилди ва юракнинг мураккаб аритмияларини хирургик йўл билан даволаш йўлга қўйилди. Марказда академик В. Вохидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт маркази етук мутахассислари билан ҳамкорликда  25 нафар беморда коронарография текшируви ўтказилди ҳамда юрак тож томирларига стентлаш амалиёти ўтказилди. Бу жараённи вилоятда узлуксиз давом эттириш мақсадида 3 нафар сурхондарёлик мутахассис Россия давлатида ва 8 нафар ўрта тиббиёт ходими Республика кардиология марказида малака ошириб келди.

Республика онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиалига 590,0 минг. долларлик гамма-терапевтик радиотерапия аппарати олиб келиниб, беморларга хизмат кўрсатмоқда. Вилоят перинатал маркази ва 5 та ҳудудий перинатал марказ 1,4 млн. долларлик,  вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 2,1 млн. долларлик замонавий аппаратлар келтирилди.

Ихтисослашган малакали тиббий хизматларни туманларда ҳам йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар кўлами кенгайиб бораётгани эътирофга лойиқ.

Тиббиёт ходимлари байрами муносабати бу йил давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида 4 нафар сурхондарёлик ҳам бор. Вилоят ҳокими ана шу мукофот эгаларига, шунингдек, кўп йиллик самарали меҳнати учун бир гуруҳ соҳа ходимларига эсдалик совғалари топширди.

Тиббиёт соҳаси ходимлари шарафланган байрам тадбирида санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Илҳом РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер