Энергетик тежамкорлик фаровонлик гарови
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Шиддаткор замонамизда электр энергияси тараққиётнинг муҳим таянчи ҳисобланади. “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖда кейинги йилларда амалга оширилган инвестицион лойиҳалар туфайли замонавий бошқарув тизими яратилди. Эски технологияда 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун ўртача 365,08 грамм шартли ёқилғи сарфланган бўлса, замонавий буғ-газ қурилмаларида бу кўрсаткич 220-235 граммни ташкил қилмоқда.
Шу кунларда станцияда Япониянинг “Mitsubishi Corporation”, “Mitsubishi Power Ltd.” компаниялари консорциуми шунингдек, Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси ва “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ пудратчилигида учинчи буғ-газ қурилмасини “лойиҳа калитини тақдим қилиш” халқаро контракт шартномаси бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа 650 мегаватт қўшимча электр энергияси олиш имконини беради.

— Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг анъанавий технологияларида фойдали иш унуми одатда 40 фоиз атрофида бўлади. Корхонамиздаги биринчи буғ-газ қурилмасида бу кўрсаткич 57 фоизни ташкил этган бўлса, иккинчисида 61 фоизга тенг. Учинчи буғ-газ қурилмасида бундан ошиши кутилмоқда, — дейди “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти бош директори Акмал Файзиев. — Давр энергия ресурсларини тежаш вазифасини қўяркан, Президентимиз бу борада эътиборни узоқ истиқболга қаратиш, модернизациянинг ҳар бир босқичида техник ва маънан эскирган барча энергоқурилмаларини ихчам, тежамкор замонавий технологияларга асосланган буғ-газ қурилмаларига алмаштириш вазифаларини белгилади.
Буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши натижасида корхонамизда йилига 4,8 миллиард киловатт соат электр ва 932 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, унда 347 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа 2026 йилнинг якунига қадар фойдаланишга топширилади. Бугун мазкур лойиҳанинг қурилиш майдонида 420 нафар маҳаллий ва 50 нафар хорижлик мутахассислар меҳнат қилмоқда. Тўқсондан ортиқ турли техника ва механизмлар жалб этилган.

— Корхонамизда дастлабки буғ-газ қурилмасини ўрнатишда орттирилган тажриба инобатга олиниб, Юртбошимиз дастлабки ташриф чоғидаёқ мамлакатимиз энергетика тизимидаги бошқа станциялар учун ҳам мутахассис-ходимлар тайёрлаш вазифасини қўйган эди, — дея давом этади бош директор А.Файзиев. — Шу асосда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиб, энг замонавий ўқув методик қўлланмалар ҳамда технологиялар билан таъминланган марказ фаолияти йўлга қўйилди. Шу кунга қадар марказимизда наинки корхонамиз, балки республикамиздаги турдош энергетика қувватлари учун ҳам буғ-газ қурилмалари учун малакали кадрлар тайёргарликдан ўтмоқда.
Таъкидлаш жоиз, электр энергияси нафақат саноат ва халқ хўжалиги тармоқларини ҳаракатлантирувчи қувват, балки ҳар бир мамлакат аҳолисининг турмуш фаровонлигини таъминловчи ва белгиловчи асосий омилдир. Шу боис мамлакатимиз энергетикаси тизимидаги барқарорлик эртанги кунга ишончини орттириб, кўнгилларига бугунги янгиланишлардан мамнунлик ҳиссини уйғотади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг