Эндиликда суд экспертлари фаолияти рейтинг асосида баҳолаб борилади
Иллюстратив фото
Ҳар бир давлатда суд ҳокимияти фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ишончли ҳимоячисидир. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ва далилларга баҳо бериш ва уларни исбот қилишда айнан экспертларнинг иштирок этиши ва далилларга холис, адолатли ва қонуний баҳо бериш мажбурияти юклатилади.
Суд далиллари ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Далиллар гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари) асосида ҳам олинади. Нотўғри маълумотлардан далил сифатида фойдаланиш ноқонуний қарорлар ва суд хатоларига олиб келади. Агар эксперт хулосаси ҳам адолатли ва қонуний тарзда берилмаса ва асосли қабул қилинмаган ҳал қилув қарори натижасида тадбиркорлик субъектларига зиён ва зарар етиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, суд экспертлари фаолиятини ислоҳ қилиш, улар фаолиятини такомиллаштириш ва судлар фаолиятидаги иштирокини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси 2022 йилнинг 13 декабрда қабул қилинган «Суд-экспертлик фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан «Суд экспертларининг фаолиятини рейтинг тизимида баҳолаб бориш тўғрисида»ги намунавий низом тасдиқланди. Ушбу низомнинг мақсади экспертларнинг касбий лаёқатлилигини, экспертизанинг сифати ва бошқа мезонларга асосан рейтинг тизимида баҳолаш имконини беради. Мазкур низом билан қуйидагилар белгиланди:
- суд экспертларини рейтинг тизимида баҳолаш тартиби;
- баҳолаш мезонлари;
- баҳолаш натижасида тўпланган баллардан келиб чиқиб таснифлаш;
- рейтинг натижалари бўйича суд экспертларини рағбатлантириш, рағбатлантиришни камайтириш ёки бекор қилиш ёки интизомий жазо қўллаш;
- рейтинг кўрсаткичлари юқори суд экспертларининг ишини оммалаштириш, рағбатлантириш ва мукофотлаш.
Баҳолаш тартиби бир йилда бир маротаба комиссия томонидан амалга оширилиши белгиланган. Комиссия аъзолари сони 5 ёки 7 нафар аъзодан иборат бўлади. Эътиборли жиҳати комиссия таркибига олий таълим муассасалари ва илмий ташкилот ходимлари киритилиши белгиланди. Комиссия мажлиси аъзолар умумий сонининг 3/2 қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Баллар комиссия котиби томонидан умумлаштирилади ва аъзолар сонига қараб яхлитлаш орқали ўртача умумий балл қуйилади. Комиссияга тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган мезонлар асосида 100 баллик тизимда баҳоланади.
Суд эксперти фаолиятини рейтинг тизими асосида баҳолаш кўрсаткичлари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, қуйидагича тавсифланади:
- 86-100 балл – «аъло»;
- 71-85 балл – «яхши»;
- 56-70 балл – «қониқарли»;
- 0-55 балл – «қониқарсиз».
Ушбу баҳолаш жадваллари баённомага илова қилинади. Демак, эндиликда суд экспертлар ичидан яхшисидан энг яхшиси етишиб чиқаверади ва улар ўртасида рақобат кучаяди. Судлар эса энг яхши деб топилган экспертлардан эксперт хулосаларини далил сифатида олишга муяссар бўлади. Шунингдек, рейтинг натижалари асосида яхши фаолият олиб борган суд экспертларини рағбатлантириш чоралари ҳам кўриб борилади. Жумладан, ушбу қарорда баҳолаш натижасида тўпланган рейтинг кўрсаткичларига асосан «қониқарли», «яхши», «аъло» деб топилганда:
- рағбатлантириш, хусусан ҳар ойлик устамалар бериш.
Рейтинг натижасига кўра, фаолияти аъло деб топилган суд экспертига нисбатан:
- лавозим маошининг 50 фоизгача миқдорда бир марталик пул мукофоти, Рейтинг тизимида баҳолашда фаолияти қониқарсиз деб топилган суд экспертининг лавозим маошига қўлланиб келинган рағбатлантиришлар камайитирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Рейтинг натижалар ҳар йилнинг 25 январига қадар эълон қилинади.
Шунингдек, қарор билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Суд экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятига оид» низом ҳам тасдиқланди. Айнан ушбу низом асосида суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда экспертиза ҳаракатларни амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” ягона ахборот тизимини жорий этиш (интеграция қилиш) белгиланган.
Бундан ташқари, ушбу низом асосида жамғарма томонидан “E-ekspertiza” ягона ахборот тизимини жорий этиш, техник қўллаб-қувватлаш ва ундан фойдаланиш, ишга тушириш билан боғлиқ барча харажатларни қоплашга йўналтирилган.
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаларини бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот Жамғарма кенгаши мажлисида кўриб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда Адлия вазирлиги расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, суд экспертларининг фаолиятини рейтинг тизимида баҳолаб бориш судлар учун ҳам фуқаролар учун ҳам ҳамда суд экспертларининг ҳар бири учун ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади.
Дадахон ХУДОЙНАЗАРОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал
ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг