Энди Самарқанд шаҳри бўйлаб ҳаракатланишда муаммолар бўлмайди

17:48 25 Октябр 2021 Жамият
887 0

Шу кунларда Самарқанд шаҳридаги Рудакий, Жомий, Фирдавсий, Ўзбекистон, Бўстонсарой каби ўндан ортиқ кўчаларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Беруний ва Рудакий кўчалари кесишмасидан Шоҳи Зинда мажмуасигача бўлган автомобиль йўли таъмирдан чиқариляпти.

- Пиёдалар йўлагининг икки тарафи 1 километрдан зиёд масофада таъмирланиб, трамвай линиялари ўрнатиш ишлари ҳам тўлиқ бажарилди, - дейди  “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУКга қарашли “JM ТЕCНО” корхонаси раҳбари Алишер Козимов. - Ишчиларимиз 3,25 метрлик пиёдалар ва велойўлакларга бетон плиталар теряпти. 1800 метр ирригация тармоқлари, яъни бетон лотоклар ётқизилди. Пиёдалар ва машиналар ўтадиган қисмларига темир қувурлар ўрнатилмоқда.

Бўстонсарой кўчасидан ўтган Чашма ариғининг кўприги “Тошкўприкқурилиш” МЧЖ томонидан мукаммал таъмирланяпти. Корхонанинг юз нафардан ортиқ муҳандис-қурувчилари 20 та махсус техника ёрдамида узунлиги 5х5 метрлик сув ўтказгич, яъни коллектор қуришмоқда.

- Мазкур кўчани кесиб ўтган Чашма ариғига янги кўприк қурилади, - дейди “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК бош муҳандиси Собир Абдураимов. - Ушбу йўлнинг ҳам баландлиги 6 метрга кўтарилиб, деярли барча қисмлари тенглаштирилади. Автомобиллар ҳаракатланадиган қисми 6 қаторли бўлиб, шу ҳудудда яшовчи аҳолининг автомобиллар оқимига халал бермасдан ҳаракатланиши учун кўчанинг икки томонидан маҳалла ичига кирувчи ички қўшимча йўл ҳам барпо этиш кўзда тутилган.

Кўчанинг У.Турсунов кўчаси кесишмасидан бошлаб Чашма ариғигача бўлган қисмидаги қиялик 3-4 метргача пасайтирилди. Шунингдек, йўл ёқасидаги 20 дан зиёд аҳоли хонадонлари кўчирилиб, улар ўрнида меҳмонхона, савдо дўконлари, ресторан, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилмоқда. 

Шаҳарнинг Фирдавсий кўчасидан Сўлим шаҳарчасигача бўлган 9 километрлик масофада ҳам бунёдкорлик ишлари авжида. Бу ерда ҳозиргача бир километр масофада тупроқ ишлари бажарилиб, тош тўкиб текисланди. Кўчанинг умумий кенглиги 18 метрга етказилиб, автомашиналар учун 4 қаторли йўл барпо этилади.

Умуман олганда, кўҳна Самарқанд кўчалари жорий йил якунига қадар янгича қиёфа касб этиб, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун, айниқса, тиғиз вақтларда йўлларда ҳаракатланиш мушкулотлари тўла барҳам топади.

 

  Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер