Энди ўз уйимиз, муқим манзилимиз бор

15:56 31 Октябр 2023 Жамият
449 0

Фото: “Халқ сўзи”

Мамлакатимиз Божхона тизимини ривожлантириш, замонавий илғор технологияларга асосланган сервис хизматини шакллантириш, постлараро тезкор ахборот алмашишни йўлга қўйиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунда айнан давлатимиз раҳбари илгари сураётган таклиф ва мулоҳазаларнинг ўрни беқиёсдир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда божхона тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган видеоселектор йиғилиши, айнан, Божхона хизмати ходимлари, тадбиркорлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар жараёнида илгари сурилаётган ташаббус ва ғоялар ижроси божхоначилар хизмати ва ҳаётига янги шукуҳ олиб кирмоқда.

Биргина ушбу тарихий ҳужжат қабул қилингандан сўнг, Божхона қўмитаси раҳбарияти унинг ижросини таъминлаш борасида муайян ишларни амалга оширди. Божхоначиларнинг ижтимоий муҳофазаси янги босқичга кўтарилди. Соҳа ходимларини уй-жой билан таъминлаш, зарурий кредитлар ажратиш, уларнинг фарзандлари олий ўқув юртларига киришида тегишли квоталар ажратиш, ходимнинг ўзи ва оила аъзолари саломатлигини яхшилаш учун маблағлар йўналтириш каби имтиёзлар пакети шакллантирилди.

“Божхона бошқа давлат идораларига намуна бўлиши керак”, – деганди давлатимиз раҳбари. Шунингдек, божхона тизимини “коррупциядан холи” дастур билан таъминлашликни ҳам таъкидлаганди. Тошкент вилояти Божхона бошқармаси тизимида ҳам ушбу улуғвор вазифалар ижросини таъминлашга йўналтирилган тизим йўлга қўйилди. Чегара-божхона постларида инфратузилмани яхшилаш, йўлларни таъмирлаш, ўтиш постлари атрофини кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахт ва гуллар билан бурканган обод ҳудудга айлантириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Соҳани коррупциядан холи қилиш учун комплаенс тизими яратилмоқда. Божхона хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, ходимларни очиқ танлов асосида ишга олиш йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг моддий ёрдам, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, божхона органларини ривожлантириш ва кутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан ходимларни ижтимоий ҳимоялаш қуйидаги шаклларда амалга оширилмоқда. Булар — уй-жой сотиб олиш ёки турмуш шароитини яхшилаш учун беш йилдан кўп бўлмаган муддатга БРВнинг минг бараваригача бўлган фоизсиз ссуда беришдан иборатдир.

— Хизмат вазифамни 2008 йилда оддий ходим сифатида бошлаганман. Ўшанда сержант унвонига эга эдим, — дейди Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ойбек” чегара божхона пости катта назоратчиси, божхона хизмати майори Элдор Ҳалилов. — Йиллар давомида ижара уйларида яшадик. Уйдан-уйга кўчиш, муайян туловлар, манзилни алмаштирганингда болалар учун мактабгача таълим муассасаси ва мактабни ҳам бошқасига кўчиришга тўғри келарди. Бундай сарсонгарчиликлар албатта хизмат жараёнига салбий таъсир қилади. Давлатимиз раҳбарининг соҳадаги мана шундай нозик жиҳатларни ҳам англанганлиги туфайли бугун ходимлар ижтимоий муҳофазасига янгича тамойиллар кириб келди. Уй-жойга муҳтожлигим сабабли, бир нечта банкларга бориб уй-жой кредитларни суриштириб юрган эдим. Тўғрисини айтганда, охирги пайтларда уй-жойли бўлишга умидим ҳам сўнганди. Божхона қўмитаси томонидан, субсидия ажратилганида нафақат ўзим, менинг оилам, ота-онам ҳам бениҳоя мамнун бўлишди. Ҳар доим Президентимизни эътибори ва ғамхўрлиги остида эканлигимни ҳис қилдим. Ҳаяжондан кўзларимга ёш келди. Ахир, бу кунни оиламиз билан ўн беш йил кутдик. Энди ўз уйимиз, муқим манзилимиз бор.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер