Элобод шаҳарчасида янги мактаб қурилди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Давлатобод туманининг Қуйи Ғирвон маҳалласидаги Элобод шаҳарчаси ҳудуднинг кенжа аҳоли истиқоматгоҳи. Бундан бир неча йил аввал замонавий кўп қаватли тураржой бинолари қурилиши бошланган ушбу даҳада бир пайтнинг ўзида зарур ижтимоий инфратузилма иншоотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Наврўз байрами тантанали нишонланаётган кунларда ҳудуддаги 95-умумтаълим мактаби учун 660 ўринли қўшимча бино фойдаланишга топширилди.

— Давлат инвестиция маблағлари ҳисобидан 10,6 миллиард сўм эвазига бунёд қилинган уч қаватли бинода таълимни замон талаблари даражасида ташкил этишнинг барча имкониятлари яратилган, — дейди мактаб директори Маъсуда Мирзомова. — Хусусан, янгиланиш жараёнида замонавий спорт ва тадбирлар заллари, 100 ўринли ошхона, кенг ва ёруғ кутубхона ҳам қурилди. Иншоот фойдаланишга топширилишидан олдин электрон доскалар, 17 та компьютер жамланмаси, 6 дона тикув машинаси ҳамда технология фани учун мўлжалланган бошқа воситаларни ҳам олдик.

Айни пайтда 600 га яқин ўғил-қиз таҳсил олаётган таълим маскани тўртинчи чоракни ана шундай ҳавас қиларли шароитларда бошлайди. Энг муҳими, эндиликда бу ерда ўқув жараёнини фақатгина бир навбатда олиб борилиши фан тўгараклари ва амалий машғулотларни ҳам юқори савияда ташкил этишга кенг йўл очади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг