Электрон поликлиника тизимига тўлиқ ўтиш — асосий мақсад
Фото: «Халқ сўзи»
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Европа Иттифоқи кўмагида Қарши туманидаги 55-сонли “Сарой” оилавий поликлиникаси 35 турдаги зарур тиббий буюмлар ва ускуналар билан таъминланди.
— 22 мингдан зиёд аҳолига учта филиал орқали хизмат кўрсатиб келаётган муассасамизга қон таркибидаги қанд миқдорини аниқлайдиган аппарат, микропрепарат, кислород концентратори, пульсоксиметр, тонометр, рақамли термометр, электрокардиограф, тиббий бикс, биохимик микроскоп каби тиббий буюм ва ускуналар келтирилгани айни муддао бўлди,— дейди оилавий поликлиника бош шифокори Исроил Юсупов. — Ҳозирга қадар биз 5 ярим мингдан ошиқ туғиш ёшидаги хотин-қизларни ва 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларни хатловдан ўтказиб, электрон маълумот базасини яратдик. Энг муҳими, аҳолига ҳар тарафлама қулайлик яратиш мақсадида электрон поликлиника тизимига тўлиқ ўтиш учун астойдил иш олиб боряпмиз.
Оилавий поликлиникага келтирилган зарур тиббий жиҳозлар тақдимоти маросимида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари, Қарши тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Фахриддин Бозоров,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг