Электрон кутубхона имкониятлари кенгаймоқда

18:09 24 Июль 2024 Жамият
1167 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ахборот технологияларининг кенг кўламда кириб келиши туфайли сўнгги йилларда кутубхоналар ҳам анъанавий кўринишдагидан замон талабларига жавоб берадиган автоматлаштирилган ахборот-кутубхона марказларига айланди.

— Кутубхоначилик ишида автоматлаштирилган технологияларнинг жорий этилиши фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш сифатининг юқори бўлишини таъминламоқда, — дейди Сирдарё вилояти Ахборот-кутубхона маркази директори вазифасини бажарувчиси Таваккал Такабоев. — Биз 2019 йилдан «UzNEL» дастури асосидаги ахборот-кутубхона тизими воситасида электрон каталог яратиш ишларини бошлаган эдик. Ўша йилнинг ўзида ўзбек ва рус тилларида 12 минг 306 номдаги китобларнинг библиографик ёзувлари электрон каталогга киритилди. Марказимизнинг sirdaryo.natlib.uz. веб-сайти эса 2018 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Унда «Қидирув», «Менинг кутубхонам», «Кутубхона хизмати», «Кутубхона ҳақида» каби саҳифалар мавжуд.

Электрон кутубхона кутубхона фондининг сақланишини таъминлаш ва сақлашни ташкил қилиш, йиғиш, фойдаланувчиларнинг ахборот ресурсларига локал ҳамда масофавий киришини таъминлаш, ахборот массивларини яратишда жуда катта имкониятларга эга. Қолаверса, кутубхонанинг адабиёт фонди ташқи манбалардан оладиган электрон ресурслар ва кутубхонадаги мавжуд нашрларнинг электрон нусхаларини яратиш туфайли янада бойимоқда.

Айтиш лозимки, нашрларнинг электрон нусхалари рақамлаштириш воситасида яратилади. Рақамлаштириш, биринчи навбатда, кўп сўраладиган ягона нусхадаги китоблардан бошланган. Босма нашрларни рақамлаштиришда сканердан фойдаланилади. Кутубхона ўз фойдаланувчиларини электрон ресурслар билан таъминлаб, маълумотларни HTML, PDF, DOC форматларида тақдим қилади. Барча ахборотлар кутубхона серверида ҳамда SD, DVD дисклар воситасида сақланади.

— Электрон ресурслар фондини бойитиш мақсадида кутубхонанинг ресурслари асосида китобларни рақамлаштириш ишларини бошладик, —дейди Сирдарё вилояти Ахборот-кутубхона маркази Каталоглаштириш ва ахборот-кутубхона фондларига ишлов бериш хизмати раҳбари Зилола Файзиева. — Биринчи навбатда фойдаланувчилар томонидан кўп сўраладиган ягона нусхадаги, қайта нашр қилинмайдиган адабиётлар рақамлаштирилмоқда. Бу эса олий ўқув юртлари, ўрта махсус ва умумтаълим мактабларида ўқиётган ёшлар учун бир қатор қулайликларни яратмоқда. Яъни бир неча фойдаланувчи бир пайтнинг ўзида кутубхонанинг электрон ўқув залида ягона нусхадаги китобни ахборот технологиялари воситасида рақамли форматда ўқиш имконига эга бўлаётир. Шу билан бирга, ягона нусхадаги адабиётларнинг «умрини узайтириш»га ва кутубхонанинг электрон ресурсларини кўпайтиришга замин яратилди.

Дарҳақиқат, ахборот-коммуникация технологияларининг кутубхоначилик соҳасида қўлланилиши ва интернетнинг кенг ёйилиши фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг янги шаклларини амалга киритди. Мазкур кутубхонада фойдаланувчилар учун ҳужжатни сканерлаш, ксеронусха олиш, матнни принтерда чоп қилиш ва бошқа шу каби хизматлар ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, фойдаланувчилар кутубхоначи кўмагида интернет ресурсларига кириши ва ўзига керакли ахборотни олиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер