Эл саломатлиги – ҳамма нарсадан муҳим

17:44 08 Апрель 2020 Жамият
1111 0

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси салбий таъсирларининг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, куни кеча қабул қилинган Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони “тожсимон вирус” келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Ушбу Фармон асосида биринчи навбатда туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари ва енгилликлари берилаётганлиги шундай қийин вазиятда тадбиркорларимизни ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслигининг амалий ифодасидир.

Кичик бизнес субъектлари, юридик шахслар сифатида фаолият юритаётган тадбиркорлар, бугун қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларга кредитлар бўйича таътиллар, имтиёзлар берилаётганлиги коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини анча пасайтириш имконини беради.

Ушбу Фармонда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланганлиги аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Жумладан, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмаслиги, улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилиши ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилиши аҳоли томонидан миннатдорлик билан қабул қилинмоқда. Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни қамраб олиниши (ҳозирда 600 мингта), карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилиши борасида белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимизда олиниб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг яққол ифодасидир.

Президентимиз халқимизга қилган мурожаатларида барчамизни янада жипслашиш, сабр-матонатли бўлиш ва шифокорлар тавсияларига тўлиқ риоя қилишга чақирди. Зеро, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, уйда қолишга даъватлар – буларнинг бари фуқароларимиз соғлиғини асраш учун қилинаётганлигини дилдан ҳис этиб турибмиз.

Абира ҲУСЕЙНОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер