Экспортёрларга енгиллик яратилмоқда ҳамда ижара ва лизинг муносабатлари такомиллаштирилмоқда

12:07 24 Август 2023 Жамият
698 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов, «Халқ сўзи»

Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валютани тартибга солишга, ижара ва лизинг муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган Қонун тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга, ижара ва лизинг соҳасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни самарали тартибга солишга қаратилган бўлиб, унда “Ижара тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги ҳамда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

“Ижара тўғрисида”ги Қонунга кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи киритилиб, шартнома объектини тасарруф этиш ва гаровга қўйиш, шунингдек, ундирувга қаратишнинг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилмоқда.

Қонун билан ижарага берувчи ўзига тегишли мол-мулкни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси асосида ижарага берганда ижарага олувчи томонидан шартнома шартлари бажарилганидан сўнг тегишли мулкни ижарага олувчига мулк қилиб топшириш мажбуриятини олиши, ижарага олувчи эса ижара тўловларини шартномада белгиланган муддатларда тўлаш мажбуриятини олиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси тузилган пайтдан эътиборан шартномада кўрсатилган мол-мулк гаровга қўйилган ҳисобланиб, уни бошқа шахсларга гаровга бериш ёки бошқача тарзда тасарруф этиш тақиқланмоқда.

Шунингдек, “Лизинг тўғрисида”ги Қонунга лизинг шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шартнома тузилган вақтдан эътиборан шартнома объекти лизинг берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун лизинг олувчида гаровга олинган ҳисобланиши тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигини олмай туриб, лизинг объектини бошқача тарзда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланмоқда.

Қолаверса, ундирувни лизинг объектига қаратишдан олдин унинг қийматини лизинг олувчи томонидан тўлиқ тўлаш орқали мулк қилиб олиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунга янги норма киритилиб, унга кўра, бир экспорт шартномаси доирасида жами етказиб берилган маҳсулот қийматининг 5 фоизидан ошмаган қисми бўйича хорижий валюта тушуми таъминланмаганлиги оқибатида вужудга келган муддати ўтган дебитор қарздорлик учун тадбиркорлик субъектларига нисбатан жарима қўлламаслик назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши бевосита тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, ижара ва лизинг муносабатларида қонунийликни таъминлаш ва фирибгарлик жиноятларини олдини олиш, шу билан бирга, лизинг муносабатлари субъектлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этилишини таъминлайди.

Муҳокамалардан сўнг сенаторлар ушбу Қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.

Фото: Сирожиддин Воҳидов, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер